СОЦИОЛОГИЯ

СОЦИОЛОГИЯ (лот. societas — жамият ва…логия) — бир бутун тизим ҳисобланган жамият ҳақидаги ва айрим ижтимоий тартиботлар, жараёнлар, ижтимоий гурухдар, шахс ва жамият муносабатлари тўғрисидаги фан. С. илмий услублар ёрдамида ҳосил қилинган эмпирик (тажрибага асосланган) маълумотларга таяниб умумлашма хулосалар чиқара олади. Шу туфайли жамиятнинг ривожланиш моделларини илмий асослаб беради.

Жамият ҳаётини тушунтиришга уринишлар антик даврда (Платон, Аристотель ва б.) пайдо бўдди, тарих фалсафасида давом этди. Ўртаосиёлик мутафаккирлар (Форобий, Ибн Сино, Беруний) асарларида ҳам жамият, унинг яшаши ва ривожланиши ҳақида муҳим фикрлар билдирилган. Социологик тасаввур ва қарашлар 19-а. нинг 1-ярмида О. Конт, Г. Спенсер каби олимлар ижоди натижасида фан даражасига кўтарилди ва қарийб 200 й. дан буен ривожланиб келмоқда. Турли даврларда Социологиянинг мохияти турлича талқин этилди. Аввалига у жамият ҳақидаги умумий фан сифатида тушунилган. Айни вақтда унинг аниқ илмий услубларини назарда тутган ҳолда ижтимоий физика деб ҳам изоҳланган (Л. Кетле). Дастлаб Европада тараққий этган С. Ғарбий Европа мамлакатларида кенг ижтимоий муаммоларни далил ва асосли равишда қўя бошлади (М. Вебер, Э. Дюркҳейм, Г. Зиммель (1858—1918), В. Парето (1848—1923), П. Сорокин (1889—1968). Шу маънода у моҳиятан макросоциология эди. Социологиянинг Америкадаги ривожи эса, одатда, «кичик» ижтимоий ҳодисаларни ўрганувчи микросоциология тарзида янги қирраларини намоён этди [Ж. Дьюи (1859—1952), Я. Морено (1892—1974), Ж. Хоманс (1910), Э. Мэйо (18801949) ва б. ]. Кейинчалик Социологиянинг бу макро ва микро кўринишлари Т. Парсонс (1902 — 79), Р. Мертон (1910)нинг назарий ишларида ва П. Лазерсфельд (1901 — 76)нинг эмпирик тадқиқотлар услубиятвда ягона тизимга келтирилди. Бироқ Социологиянинг предмети ва ижтимоий амалиёт учун аҳамияти хусусидаги баҳслар ҳалигача давом этиб келяпти, янги Социология яратишга уринишлар тўхтамаяпти.

Социология ўз тараққиётининг классик даврида яхлит билимлар тизими сифатида ривожланган бўлса, кейин бу фанга турли оқимлар ва йўналишлар кириб кеда бошлади. Механистик назария тарафдорлари Г. Ч. Кэри (1798—1879), В. Оствальд (1853-1932), В. Парето (1848— 1923) Социологияни ижтимоий дунё физикаси деб ҳисоблашган. Биологик назария, хусусан, органик йўналиш (Г. Спенсер, Л. Гумплович), шунингдек, ижтимоий дарвинизм вакиллари (Ч. Дарвин ва б.) жамиятни биологик дунё қонуниятларидан келиб чиқиб изоҳлашган. Психологик қарашларда [Д. С. Милль (1806—73), МакДугалл] жамият ҳаётидаги воқеа ва жараёнлар такдид назарияси, инстинкт назарияси асосида психологик жиҳатдан тушунтирилган. Хусусан, 3. Фрейд (жинсий майл), Я. Морено (жамиятни индивидуалпсихологик тушунтириш) қарашлари кейинчалик коллективпсихологик назарияларга олиб келди. Шу йўналишда ижтимоийпсихологик, бихевиористик, символик интеракционизм, ижтимоий ҳаракатлар назариялари ривожланди.

Ҳоз. даврда функционализм замонавий ғарб С. сининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналиш вакиллари (Т. Парсонс, Р. Мертон) жамиятнинг функционал бирлиги, унинг динамик мувозанати муаммоларига асосий эътиборни қаратади. Формалсоциологик йўналиш Ф. Теннис (1855—1936), Г. Зиммель, Л. фон Визе (1876—1969) каби социологдар ижоди таъсирида мустаҳкамланди ва ривожланди. Бу йўналиш вакиллари ижтимоий ҳодисаларнинг мазмунидан ҳам кўра уларнинг шаклига кўпроқ эътибор берилса, бу Социология предметига мосроқ бўлади, деб ҳисоблайди.

20-а. нинг 2-ярмида янги назария ва оқимлар, хусусан, «асосий назария» (Глассер ва Стресс), рефлексив С, диалектик С, кундалик ҳаёт С. си моделлари шаклланди. Лекин шунга қарамай, янги Социологияда 2 назарий йўналиш аниқ кўринишга эга бўлди:

1) радикал С. (жамиятни жиддий ўзгартириш керак, Социология бунда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблайди);

2) гуманистик Социология (инсоннинг ижтимоий тизимдаги янги мавқеини, унинг меъёр яратувчанлик салоҳияти, руҳий жиҳатини тадқиқ этишни устувор деб билади). Бугунги кунга келиб С турли назариялар ва бир неча соғаларни қамраб олган бўлишига қарамай, моҳиятан яхлит фан сифатида жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистонда ҳам Социология ўз тарихига эга. У ижтимоий борлиқ муаммолари хусусида асрлар давомида фикр юритиб келган уламою шоирлар, мутафаккиру ҳукмдорларнинг изланишларида ўз ифодасини топган. Буюк ватандошларимиз бошқа соҳалар каби Социологиянинг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшдилар. Мукаммал жамият ғояси, давлатни бошқариш, жамиятда шахснинг ўрни ва роли масалалари улар яратган турли жанрлардаги асарларга мавзу бўлганлигига қарамай Социология фанини мустақилликдан сўнггина лозим даражада ривожлантириш имконияти туғилди. Ўзбекистонда кенг кўламли назарийметодологик муаммоларни қўйиш, ижтимоий дунёга таҳлилий назар билан қараш кўникмалари ҳосил қилинмоқда. Социология фанига оид китоб ва рисолалар, дарслик ва қўлланмалар яратиш ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда. Социологик тафаккурни шакллантириш, уни таълим тизимида, бошқарувда, оммавий ахборот воситалари ва б. соҳаларда кенгроқ қўллашга ҳаракат қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида «Социология ва бошқарув психологияси» кафедраси фаолият юритмоқда. Бир неча йиллардан буён «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан социологик сўровлар ўтказиш тажрибаси тўпланди. Бир нечта илмий муассасалар (ЎзМУ, Ўзбекистон ФА, вилоятлардаги ун-тлар)да назарий ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Кибернетик Социология муаммолари (акад. В. Крбулов), ижтимоий жараёнларни моделлаштириш (Н. Алиқориев), жамоатчилик фикрини ўрганиш (Р. Убайдуллаева), демофафик жараёнларни тадқиқ этиш (О. Атамирзаев) йўналишларида илмий ишлар қилинган, миллий менталитет (М. Бекмуродов, А. Бегматов), тафаккур тарзи (Б. Фарфиев), маҳалла феномени (К. Калонов) ўрганилмоқда. Ўзбек олимлари, шунингдек, Социологиянинг турли йўналишлари (назарий Социология — Р. Т. Убайдуллаева; меҳнат С. си — Қ. Абдурахмонов, экологик Социология — А. Қаҳхрров; дин С. си — М. Ғаниева; сиёсий Социология — А. Холбеков) бўйича муайян ишлар қилдилар.

Абдуғани Холбеков.

Next Article

СОЧ