СОЯ

СОЯ, Сўя (Glycine) — дуккакдошларга мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, дуккакли дон ва мойли экин. 10 тури Африка ва Жан.

Шарқий Осиёнинг нам тропик ва субтропикларида, 1 ёввойи тури Узоқ Шарқда учрайди. Ватани — Хитой. С. жуда қадимдан экиладиган экин. Мил. ав. 5минг йилликдан бошлаб экиб келинади. АҚШ, РФ, Ҳиндистон, Япония, Корея, Индонезия, Украина, Молдавия, Грузия ва Ўзбекистонда етиштирилади. Жаҳон бўйича Соя экин майд. 73,6 млн. га, ўртача дон ҳосилдорлиги 22,1 ц/ га (2000): Ўзбекистонда 20-а. нинг 60й. ларидан кенг таркала бошлади. Оддий Соя (G.max) турининг илдизи яхши ривожланган, ўқ илдиз, сершох, тупроққа 2 м чуқурликкача кириб боради, асосий қисми ҳайдалма қатламда жойлашади (илдизида туганак бактериялар ривожланади). Пояси дағал, цилиндрсимон, тик усади, аммо ётиб қоладиган навлари ҳам бор. Буйи 15 см дан 2 м гача, шохланади, ён шохлари 2—8 та бўлади. Барги сертук, бандли, бандининг уз. 8—20 см, барг шапалоғининг уз. 13—15 см., Гули майда, оқ ёки пушти, шингил гултўпламга йиғилган, барг қўлтиғида жойлашади. Меваси дуккак, сариқ, қора, қўнғир, сертук. Ҳар бир дуккагида 2—6 та дон бор, 1000 та дони вазни 40—425 г. Таркибида 24—45% оқсил, 13—37% ёғ, 20—32% углеводлар, 1—2 % лицитин, Д. В, Е ва б. витаминлар бор. Уруғидан ёғ, оқсил ва лицитин олинади. Ўсув даври 75—200 кун. С. иссиқсевар ва намсевар, ёругсевар қисқа кун ўсимлиги. 21—23° да яхши ривожланади. Уруғи 8—10°да униб чиқади. Соя узидан чангланади. Гуллаш даври 15—55 кун давом этади. Ундан Соя уни ва мойи (қ. Соя мойи) олинади. Дони, пишиб етилмаган (думбул) дуккаги овқатга ишлатилади. Соя унидан сут, творог, кандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Сомони, тупони, кўк пояси, силоси озуқа сифатида чорва молларига берилади. Ўзбекистон шоличилик ин-тида 1981—88 й. ларда Соянинг Ўзбекистон 2, Ўзбекистон 6, Дўстлик навлари чикарилган ва барча вилоятлар учун р-нлаштирилган.

Касалликлари: бактериоз, септориоз, аскохитоз, фузариоз.

Зараркунандалари: тунламлар, ўргимчаккана, қоракуя.

Холима Отабоева.

Loading...