СПОДУМЕН

СПОДУМЕН (юн. spodumentos — кулга айланган, spodos — кул) — занжирли силикатларнинг кичик синфига, пироксенлар гуруҳига мансуб минерал. Кимёвий таркиби LiAl[Si2O6]. Моноклин сингонияли; 1 — 10 см, баъзан 1 м ва ундан ортиқ узунликдаги призматик кристаллар ҳосил қилади. Кулранг, сарғиш, яшил, пушти, баъзан рангеиз бўлади. Шишасимон ялтирайди. Тиниқ пушти ва бинафша рангпушти тусдагилари к у н ц и т, зумрад рангяшили гидденит деб аталади. Қаттиқлиги 6,5—7; зичлиги 3,1—3,2 г/см3. С. бошқа пироксенлардан нур синдириш кўрсаткичининг кичиклиги билан фаркланади. Гранитли пегматитларда кварц, микроклин, альбит, берилл, лепидолит, танталит, баъзан поллуцитлар билан бирга учрайди. Тез ўзгарувчан бўлиб, эвкрипит агрегатларига (LiAlSiO4) ёки альбит билан серицитга айланади. Нураш пўстида гилли минераллар ҳосил қилади. Сподумен литий рудаларининг асосий минералларидир; кунцит билан гидденит қимматбаҳо тошлар ҳисобланади. Хорижда Мадагаскар о., АҚШ, Бразилия, Мьянма ва Афғонистонда маълум. Ўзбекистонда Чатқол, Кетмончи, Лолабулоқ, Олтинтоғ, Султон Увайс тоғлари, Кирқбулоқ пегматитларида ўрганилган. Сподумен хорижда электр керамикаси ишлаб чиқариш. да фойдаланилади. Тиниқ, чиройли рангли турлари безак тошлар ва ҳатто қимматбаҳо тошлар сифатида ҳам ишлатилади.

Loading...