СТАДИОН

СТАДИОН (юн. stadion — мусобақалар ўтказиладиган жой) — асосий спорт майдони томошабинлар учун трибуналар, югуриш, сакраш йўлкалари, гимнастика ва спорт ўйинларига мўлжалланган майдончалар, ёрдамчи бино ва хоналарни уз ичига олган спорт иншооти. Ҳоз. замонавий Стадион ларнинг кичик ўлчамдаги нусхаси Юнонистоннинг Олимпия, Афина, Дельфа ва б. жойларида бунёд этилган бўлиб, улар Олимпиада ўйинлари ҳамда бошқа мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган. Бу С. лар тўғри тўртбурчак ёки тақасимон аренали бўлиб, ёнида томошабинлар учун жой қилинган. Олимпиада ўйинларининг тикланиши (1896) кўпгина мамлакатларда йирик Стадионлар қуриш учун туртки бўлди (1-Олимпиадани ўтказиш мақсадида антик Афина Си таъмирланди). Қадимги Стадион лардан фаркли равишда, ҳоз. Стадионлар мусобақалар жойигина бўлиб қолмай, уларда соғломлаштириш ва ҳар хил спорт турлари бўйича ўқувтренировка машғулотлари ҳам ўтказилади. 1950—60 й. лардан усти ёпиқ Стадионлар қуриш кенг авж олди. Мустақилликка эришилгандан сўнг Ўзбекистонда замонавий спорт иншоотлари, жумладан, Стадионлар қурилишига эътибор кучайди. Ҳозир мамлакатда 350 га яқин Стадион бор (2004).