СТАФИЛИНЛАР

СТАФИЛИНЛАР (Staphylinidae) калта устқанотли қўнғизлар оиласи. 30 мингдан ортиқ тури маълум. Танаси ингичка ва чўзиқ (1,5—40 мм); уст қаноти калта, боши, кўкраги ва корни ўзаро бириккан, ҳаракатчан. Қанотлари яхши ривожланган. Личинкасининг боши йирик, оёқлари ҳаракатчан. Стафилинлар кенг тарқалган. Ҳазон, дарахт пўстлоқлари остида, қуш ва б. ҳайвонлар ҳамда чумолилар инида яшайди. Стафилинларнинг кўпчилиги энтомофаглар, шунингдек, паразит, сапрофаг (чириган ҳайвон қолдиқлари билан озиқланади), некрофаг (ўлимтикхўр)лари ҳам мавжуд. Йиртқичларидан олеохарлар (Aleocharabilineata, A. bipustulata) маълум. Уларнинг вояга етган қўнғизлари карам пашшасининг тухум ва личинкаси билан, Oligota oviformus Cas. қўнғизи ўргимчаккана ва б. билан озиқланади. Баъзи турлари қишлоқ хўжалиги. экинларининг иккинчи даражали зараркунандаси. Paederus туркумига кирадиган Стафилинлар қонида заҳарли модда бўлиб, эзилганда киши терисида яллиғланиш пайдо қилади.

Аловуддин Ҳамроев.