СТАНДАРТ

СТАНДАРТ (инг. standard — меъёр, намуна, ўлчам) — кенг маънода — бошқа объектларни таққослаш учун дастлабки объект деб қабул қилинган намуна, эталон, модель; стандартланадиган объектга қўйиладиган ва ваколатли органлар томонидан тасдиқланган меъёрлар, қоидалар, талабларни белгиловчи меъёрийтехник ҳужжат. С. инсон фаолиятининг барча соҳалари: фан, техника, саноат, қишлоқ хўжалиги., ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт ва б. га тааллуқли. Кўлланиш соҳасига қараб, давлат стандарти (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди), тармоқ стандартлари (тармоклар вазирликлари тасдиқлайди), корхона ва бирлашмалар стандартлари (корхоналар ва бирлашмалар бошқаруви тасдиқлайди) каби турларга бўлинади. Халқ хўжалигининг барча тармоқлари бўйича республика, вилоятлар ва б. га қарашли корхона, ташкилот ва муассасалар учун Стандартларни қўллаш мажбурий. Вазифасига қараб, Стандарт қуйидаги турларга бўлинади: умумтехник ва ташкилийметодик қоида ҳамда меъёрлар; маҳсулотга қўйиладиган умумий талаблар, кўрсаткичлар, сифат меъёрлари, эксплуатацион хоссаси ва техник тафсилоти, тармоклараро ишлатиладиган бир жинсли маҳсулотлар гурухини назорат қилиш усули; физик катталик бирликлари ва б. Буларни қўллаш натижасида маҳсулотларнинг сифати ошади, деталларни бирхиллаштириш ва ўзаро алмашувчанлик даражасини оширишга имкон туғилади, и. ч. жараёнларини автоматлаштириш осонлашади, маҳсулотлардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш самарадорлиги ошади, маҳсулот қайси корхонада ишлаб чиқарилганлигидан қатъий назар исталган жойда ишлатаверилади ва б. Ўзбекистонда Стандартлар Ўзбекистон Республикаси «Узстандарт» агентлиги (Республика метрология хизматлари кўрсатиш агентлиги) томонидан белгиланади.

Loading...