СТЕНОЗ

СТЕНОЗ (юн. stenos — тор, қисқа) — найсимон аъзолар (ҳиқилдоқ, трахея, бронхлар, қизилўнгач, ичаклар, артериялар ва б.), шунингдек, физиологик тешиклар (мас, юрак чап бўлмачаси ва қоринчаси орасидаги тешик)нинг торайиши. Стеноз туғма ва ҳаётда орттирилган бўлади. Туғма Стеноз ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар (қизилўнгач ёки меъданинг чиқиш жойидан торайиши)дан иборат. Ҳаётда орттирилган Стеноз органик ва функционал бўлади. Органик Стеноз аъзолар деворидаги ўсмалар, яллиғланиш ёки шикастдан кейин чандиқлар пайдо бўлиши ҳисобига юзага келади. Функционал Стенозда аъзолар мускуллари, сфинктерларнинг вақтинча торайиши, мас, буйракдаги тош силжиши натижасида сийдик йўлининг торайиши — спазм рўй беради.

Стенозда аъзоларнинг мускуллари гипертрофияга учраб, улар ичидаги ҳаракат (овқат, ҳаво, қоннинг юриши) қийинлашади, кейинчалик мускуллар тонуси пасаяди, аъзонинг Стенозга учраган жойидан юқориси кенгайиб кетади, торайган жойдан моддалар ўтиши қийинлашади. Стенозни компенсацияли — аъзо ўтказувчанлиги қисман бузилган, лекин аъзо фаолияти ва инсон саломатлиги жиддий ўзгармаган; субкомпенсацияли — аъзонинг торайган жойидан модда ўтиши қийинлашиб, аъзо фаолияти бузилган; декомпенсацияли — аъзонинг торайган жойидан модданинг мутлақ ўтмай қолиб, аъзо фаолиятининг бузилиши, шунинг ҳисобига организмда жиддий асоратлар юзага келиши (мас, меъданинг пилорик жойи декомпенсацияланган Стеноз ида овқат мутлақо ўтмасдан, бемор организмида сувтуз мутаносиблигининг бузилиши) каби даражалари бор. С, асосан, хирургик усулда даволанади.