СТОМАТИТ

СТОМАТИТ (юн. stoma — оғиз, itis — яллиғланиш) — оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Стоматит мустақил касаллик ҳолида кечиши, шунингдек, бошқа касалликлар (қизамиқ, қизилча, фипп, кандидоз) белгиси бўлиши мумкин. Яллиғланиш тилда бўлса — глоссит, милкда бўлса — гингивит дейилади, булардан ҳар бирининг ўзига хос белгилари бор. С. моддалар алмашинуви касалликлари (авитаминоз, диабет), нерв ва ички аъзолар касалликлари, витамин етишмовчилиги, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш, жуда иссиқ ёки жуда совуқ, нордон ва шўр овқатлар ейиш ҳам Стоматитга сабаб бўлиши мумкин. Айрим дориларга нисбатан сезувчанлик ортганда, хусусан, ўзўзини даволаганда, балоғатга етиш даврида, ақл тиш чиқиши қийинлашганда (қ. Тиш) ҳам Стоматит рўй беради.

Стоматит шакллари ҳар хил бўлишига карамай, уларнинг умумий ўхшаш белгилари бор: оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати қизаради, атрофидаги тўқималар шишади, безиллаб туради, жағ ости лимфа безлари катталашади ва б. С ўткир ва сурункали кечади.

Стоматитнинг катарал, ярали некротик ва афтоз хиллари фарқ қилинади. Айрим дори моддаларининг ёқмаслиги оқибатида, шунингдек, кимёвий моддалар таъсирида медикаментоз С, оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг ўткир кесувчи нарсалар, чириган тиш чеккаси, нотўғри қўйилган тиш протезидан жароҳатланиши натижасида травматик Стоматит пайдо бўлади; травматик Стоматитнинг Беднар афтаси (чақалоқлар афтаси) шакли чақалоқларда кузатилади. Стоматитнинг олдини олиш учун чириган тишларни ва организмнинг умумий касалликларини ўз вақтида даволаш, шиллиқ қаватнинг яллиғланишига сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш лозим.

Loading...