СТОМАТОЛОГИЯ

СТОМАТОЛОГИЯ (юн. stomatos — оғиз ва… логия) — клиник тиббиётнинг бир соҳаси; оғиз бўшлиғи аъзолари: тил, лаб, лунж, оғиз шиллиқ пардалари ҳамда юзжағ системаси ва унга ёндош соҳа касалликларини, уларни келтириб чикарадиган сабабларни ва мазкур касалликларнинг олдини олиш усулларини ўрганади.

Оғиз бўшлиғи аъзолари касалликлари Гиппократ, Ибн Сино, Гален, Цельс ва б. олимлар томонидан тавсифланган. Ибн Сино асарларида илк бор тишлар қамашиши ва оғриқларининг табиати баён этилиб, шундай ҳолларда нималардан фойдаланиш кўрсатилган. 14-а. да француз врачи Гиде Шолиак тиш суғурадиган асбоб ихтиро қилди. 15а. охирида итальян врачи Ж. Д. Аркале тишни олтин, қўрғошин ва қалай фолгаси билан пломбалаш мумкинлигини кўрсатади. 17—18-а. ларга келиб Стоматология клиник тиббиётнинг мустақил соҳасига айланди. 19-а. да тишни пломбалаш ва ясама тишлар тайёрлаш техникаси пухта ишлаб чиқилди. 19-а. охири —20-а. нинг биринчи ярмида физиология, анатомия, патология, биокимё ва б. фанларнинг тараққиёти стоматологик касалликлар этиологияси, патогенези, даволаш чоралари ва профилактика тадбирларини ишлаб чиқишда муқим аҳамият касб этди.

Ўзбекистонда Стоматология фани 1954 й. дан шаклланди, шу йили ТошТИда стоматология ф-ти очилди. 1956 й. да махсус стоматологик кафедралар ташкил этилди. Кейинчалик бундай кафедралар Самарқанд, Андижон тиббиёт интларида, Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тида ҳам очилди, 1994 й. Бухоро тиббиёт ин-ти ташкил этилиб, унинг таркибида стоматология фтининг очилиши Стоматология фанининг янада равнақ топишига замин яратди.

Ўзбекистонда Стоматология фани ривожига А. Г. Ғуломов, М. В. Парадоксов, А. Т. Бусигин, М. В. Бусигина, шунингдек, В. А. Епишев, С. А. Зуфаров, М. М. Мирёқубов, Э. У. Маҳкамов, Т. X. Сафаров, М. В. Бегметов ва б. катта ҳисса қўшганлар.

Ҳоз. замон С. фани терапевтик, хирургик, ортопедик, болалар Стоматология каби бўлимларни ўз ичига олади. Терапевтик Стоматология тиш (кариес, пульпит, периодонтит, нокариес хасталиклар) ҳамда оғиз шиллиқ қавати, лаб, тил касалликлари диагностикаси, давоси ва профилактикаси билан шугулланади. Хирургик Стоматология тиш олишдан ташқари юзжағ ва унга қўшни соғалардаги яллиғланишлар, ўсмалар, шикастланишлар, туғма ва орттирилган нуқсонларни ўрганади, оғиз бўшлиғи ва юзжағ операциялари, пластик операцияларни амалга оширади. Ортопедик Стоматология ортопедик ва ортодонтик усуллар билан бирламчи ва иккиламчи тишлар қатори ҳамда туғма ва орттирилган тишлар нуқсонларини даволайди, ясама тишлар билан тиш қатори нуқсонларини тиклайди. Болалар Стоматологияси бола ривожланишининг турли даврларида ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда терапевтик, жарроҳлик, ортопедикстоматологик ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга стоматологик касалликларнинг комплекс профилактикаси чоратадбирларини ишлаб чиқади.

Стоматологик касалликларни даволашда турли доридармонлар, лазер ва инфрақизил нур, ультратовуш, физиотерапия усуллари ва ҳ. к. дан фойдаланилади.

Озода Йулдошхонова.