СТРУКТУРА (лот. structure — тузилиш, боғланиш) — 1) муайян нарсаларнинг тузилиши, қурилиши; таркибий қисмларнинг ўзаро боғлиқлиги;
2) объектнинг яхлитлиги ва айнан ўзлигини англатадиган, яъни ташқи ва ички ўзгаришларда асосий хусусиятларини сақлаб қоладиган барқарор алоқалари мажмуи. Структура системами ташкил этади. Структура нарса ва ҳодисани бир хил ёки ҳар хил жинслилиги, унинг муайян нисбий мустақил қисмларга, элементларга, компонентларга бўлинишини; бу қисмлар, элементлар, компонентларнинг ўзаро таъсир ва акс таъсирларини, улар ўртасидаги алоқадорлик ва боғланишларни, бу боғланишларга оид қонуниятларни; нарса ёки ҳодисанинг қандай элементлардан ташкил топганлигидан катъи назар, бу элементларнинг органик бирлигини, уларнинг яхлитлиги ва бир бутунлигини ифодалайди. Структурани билиш — элементларни аниклаш, уларнинг ўзаро алоқадорликларини аниклаш, бу элементлар бир бутунлигининг ўзига хос табиатини тушуниб олишдир.
Кейинги вақтларда табиатшунослик ва ижтимоий фанлар соҳаларида тадқиқот объектини чуқурроқ ўрганиш мақсадида системали ёндашиш, структуравий анализ усуллари ишлаб чиқилди. Бу усулларнинг қўлланиши уларнинг самарали ва истиқболли эканлигини кўрсатмоқда. Оламни фалсафий ва табиийилмий билиш реал мавжуд системаларнинг Структура хусусиятларини билишга анча тўғри келади.