СУБСТАНЦИЯ

СУБСТАНЦИЯ (лот. substantia — моҳият) — нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини, асосини ифодаловчи тушунча. Одатда, материя, модда сўзининг синоними сифатида қўлланилади. Субстанция фалсафада хилмахил оламнинг, объектив реалликнинг, табиат, жамият, инсон ва унинг тафаккури тарихини, инсон билимларининг натижаларини ҳам ўзига қамраб олувчи конкретликнинг назарий инъикоси, билиш назариясининг асосий тушунчаси сифатида талқин этилади. Бундай универсал моҳият муайян нарса, ҳодисалар ва уларнинг ўзаро алоқадорликлари орқали намоён бўлади. Юнон файласуфлари Субстанция деб нарсаларнинг доимий, туб ва ўзгармас хусусиятини, асл моҳиятини англашган, ун-та акциденция тушунчасини қарамақарши қўйишган. Кейинчалик схоластлар бутун мавжудотнинг асл моҳиятини ташкил этувчи Субстанция — худодир деган ғояни илгари сурдилар (қ. Схоластика). Оламнинг моддий сабаби ва илоҳий Субстанция ҳақидаги дуалистик талқинни Р. Декарт олға сурди, у Спиноза фалсафасида янада ривожлантирилди. И. Кант Сни тафаккурнинг априор шакли, яъни тажрибадан олинган билимларни синтезловчи шакли деб изоҳлади. Унинг фикрича, Субстанциянинг доимийлиги барча вақт мобайнида ўткинчи бўлган нарсаларга нисбатангина намоён бўлади. Гегель Сни нарсалардаги ўзгарувчан, ўткинчи томонларнинг яхлитлиги сифатида таърифлаб, уни «ҳар қандай ҳақиқий ривожланишнинг асосидир», дейди.

Шарқ фалсафасида Форобий Сни энг умумийлик сифатида тушунтирган. Ибн Сино Сни «субстанционал умумийлик ва акцидентал умумийлик»нинг ўзаро муносабати доирасида талқин этиб, уларнинг бирбири билан боғланганлигига, бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмаслигига эътиборни қаратди. Сни тушунишда ҳам материалистик, ҳам идеалистик қараш бор. Материалистлар Субстанция деб объектив реалликни, материяни, идеалистлар эса, худони, мутлақ ғояни, руҳни, умуман моддий бўлмаган асосни тушунадилар. Позитивистлар Сни мавҳум тушунча сифатида таърифлаб, бу тушунча тадқиқотчини чалғитиб, унинг фикрини йўқ нарсага боғлаб қўяди, аслида одам хилмахилликлар ва уларнинг бирликларидан иборат, бунга эса моддийлик ҳам, маънавийлик ҳам киради деб ҳисоблашади. Ҳоз. замон табиатшунослиги учун Субстанция фақат расмий тушунча бўлиб, ҳодисаларни ифодаловчи деган маънони билдиради.