СУДАН ТИЛЛАРИ — африкашуносликда 20-а. нинг 1-ярмида қўлланган ва Судан географик минтақасида — Саҳрои Кабирнинг жан. даги ҳудуддан ғарбда, Гвинея қирғоқларидан шарқда Эфиопия тоғликларигача тарқалган тилларни белгиловчи таснифий термин. «Ст.» термини 1905 й. да немис тилшуноси К. Майнхоф томонидан таклиф қилинган. У барча африка тилларини 4 генетик бирикма тарзида гурухлаштирган: ҳом тиллари, Ст., банту тиллари ва сом тиллари. Ст. таснифи, тавсифи ва қиёсий ўрганилишига 1910—30 й. ларда яна бир немис олими Д. Вестерман катта ҳисса қўшади. Унинг таснифида африка тиллари 3 йирик оилага (койсан, негр ва сомҳом тиллари) бўлиниб, Ст. банту ва нилот тиллари билан биргаликда неф тиллари оиласига киритилади. Ст. таркибида эса 4 йирик гуруҳ: нигрит; манде тиллари, туркумли тиллар, ички Судан тиллари ажратилади. 20-а. нинг 2-ярмидаги изланишлар, айниқса, америкалик тилшунос Ж. Гринберг таснифи Судан тилларининг Майнхоф ва Вестерман томонидан амалга оширилган таснифлари нисбий эканлигини, Ст. га киритилган анчагина тилларнинг бошқа тил оилалари ва гуруҳларига киришини, шу жиҳатдан Ст. ни қайта гурухлаш лозимлигини кўрсатди. Энг кенг тарқалган Ст. — малинке ва гамбара, фула, акан, йоруба, игбо, эдо ва б. Хауса тили сомҳом тимарита мансуб бўлсада, унга ёнатрофдаги бошка тил гурухлари сезиларли таъсир кўрсатган. «Ст.» термини ва таснифи ҳануз нисбийлигича қолмоқда.