СУҒОРИШ

СУҒОРИШ, ирригация — тупроқни манбалардан олинган сув билан сунъий намлаш, мелиорациянннг бир тури. С тупроқнинг ўсимлик илдизи тарқалган қисмида энг қулай сув режимини ҳосил қилади. Бу эса ўсимликларнинг тупроқдан озиқ моддалар — минерал ва органик ўғитларни ўзлаштиришига қулай шароит яратади ва қишлоқ хўжалиги. экинларидан юқори ҳосил олишни таъминлайди. Суғориш ер ҳосилдорлигини суғорилмайдиган шароитларга қараганда 8—10 марта оширади, интенсив деҳқончиликни жорий этиш имкониятини беради. Бу эса сув хўжалиги қурилишига ва ерларни мелиоратив ўзлаштиришга сарфланган капитал маблағларнинг тез (3—5 йил ичида) қопланишини таъминлайди.

Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Россия, Япония, Миср (экин экиладиган ҳамма майдони суғорилади)да, АҚШ, Мексика, Италия, Болгария, Франция ва б. мамлакатларда суғориладиган ерлар 20-а. да айниқса тез кенгайиб борди, йирик суғориш системалари барпо этилди. 20-а. нинг 50й. ларида дунёда суғориладиган жами ер майд. 121 млн. га, 80й. ларда 230 млн. га дан кўпроқни, 20а. охирида 271,4 млн. га ни ташкил этди. Осиёда 191,2, Шим. Америкада 30,4, Европада 24,6, Африкада 12,5, Австралияда 2,4 млн. га экин майдонлари сугорилади (1999).

Суғориш қадимий даврлардан бошлаб суғормасдан ҳосил олиб бўлмайдиган иссиқ минтақаларда, кейинчалик эса ёғин нотекис ёғадиган, натижада қишлоқ хўжалиги. экинларидан барқарор ҳосил олинмайдиган зоналарда ривожланди. Миср, Месопотамия, Ўрта Осиё, Мексика, Эроннинг қуруқ иқлимида одамлар тошқин сувлар босадиган майдонларда озиқовқатга ярокли ўсимликларни ўстиришга ўрганди. Кейинчалик бундай ерлар марзалар билан ўралиб, уларда сувни узоқ вакт сақлаб қолиш ва қишлоқ хўжалиги. экинларидан мунтазам ҳосил олиш имкони яратилди. Сурхондарё воҳаси, Фарғона водийсининг шарқий қисми, Амударё дельтаси, Зарафшон дарёси ҳавзасида ўтказилган археологик қазишлар мунтазам С. Ўрта Осиёда мил. ав. 2минг йилликда бошланганлигидан далолат беради. Амударёнинг қуйи оқимида мил. ав. 8—7-а. дан мил. 3асргача Суғориш жуда тараққий этган. Суғоришнинг ривожланиши ва суғориладиган майдонларнинг кенгайиши билан сувни узоқ масофаларга олиб бориш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бош иншооти содда бўлган дастлабки каналларнинг барпо қилиниши мил. дан ав. 1минг йиллик ўрталарига тўғри келади. Ўрта асрларда суғорма деҳқончилиқда буюк кашфиёт — биринчи сув кўтаргиччиғир яратилди. Натижада ариклар ёки табиий сув манбаларидан баландда жойлашган кичикроқ ер участкаларини суғориш мумкин бўлди.

Ўрта Осиёда суғориладиган ерларнинг кескин кенгайиши 19-а. охирларига тўғри келади. Аммо янги ерларни режали ўзлаштириш ва деҳқончиликка яроқсиз бўлиб қолган суғориладиган ерларни қайта тиклаш, катта майдонларни Суғориш имкониятини берадиган йирик суғориш системаларини барпо этиш фақат 20-а. нинг 20й. ларидан бошлаб олиб борилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистонда фақат 1965 — 90й. ларда суғориладиган ерлар майдони 5,8 млн. га (1965)дан 8,8 млн. га га етади. Ўзбекистонда эса 2001 й. да 4,3 млн. га суғориладиган ерларда деҳқончилик қилинди (1914 й. да 1,8 млн. га).

Суғориладиган ер майдонларининг кенгайиши қишлоқ хўжалиги. да сув истеъмолининг кўпайишига олиб келди. Натижада сув омбори қуриш йўли билан дарё оқимларини мавсумий, кейинги йилларда эса кўп йиллик тартибга солиш муҳим масалага айланди. Юқори қувватли насосларнинг яратилиши қарийб 250 — 300 м3/с сувни босқичмабосқич баландликка кўтариб, қишлоқ хўжалиги. экинзорларини машина ердамида суғоришга имкон берди. Ҳоз. даврда Орол денгизи ҳавзасида жами йиллик ҳажми 105 млрд. м3 бўлган умумий оқимнинг 95 млрд. м3 суви Ста сарфланмоқда. Бу эса сув ресурсларини тўлдириш ва суғориш системасининг барча бўғинларида сувни тежашни тақозо қилади. Сув ресурсларини тўлдириш асосан сувни ҳавзалараро қайта тақсимлаш (АмуБухоро, АмуҚоракўл, Қорақум ва б. каналлар), оқова ва шўрланган дренаж сувларидан қайта фойдаланиш ҳисобига амалга оширилмоқда.

Суғориш усуллари ва турлари. С тупроққа меъёрланган (белгиланган) микдорда сув беришини таъминлайдиган, гидротехника қоидаларига асосланган техникавий, агротехник ва ташкилийхўжалик тадбирлари мажмуидан иборат. Суғориш ўтказиладиган вақтига қараб мунтазам ва даврий турларга бўлинади. Суғориш мақсадига қараб эҳтиёт (яхоб), шўр ювиш, вегетацион, озиқлантирувчи (шарбат) ва б. турга бўлинади. Айрим ҳолларда бир турдаги С бир қанча мақсадларда ўтказилиш мумкин.

Қадимдан маълум бўлган оқизиб сув бериш усуллари (бостириб, тахталарга бўлиб, эгатлар олиб) астасекин такомиллашиб Суғоришнинг ёмғирлатиб сутриш, томчилатиб суғориш ва тупроқ остидан суюриш, аэрозоль усулида суғориш сингари такомиллашган усуллар яратилди. Иқлим қуруқ бўлган Ўрта Осиёда экинлар кўп миқдорда сув талаб қилади, шунинг учун суғориладиган майдонларда асосан тупроқ (ер) устидан оқизиб сув бериш ва қисман ёмғирлатиб суғориш усули қўлланилади.

Кейинги йилларда Суғоришнинг механизациялаштирилган, ярим автоматлаштирилган, автоматлаштирилган ва б. турлари пайдо бўлди (яна қ. Суғориш нормаси).

Ад.: Мамедов A. M., Ирригация Средней Азии, М., 1969; Коржавин Б. Д., Ўзбекистонда суғориш ишлари Т., 1976; Ирригация Ўзбекистана; т. 1 —4, Т., 1975 — 1981; Муҳаммаджонов А. Р., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи. Т., 1972; Муҳаммаджонов А. Р., Ўзбекистоннинг қадимги гидротехника иншоотлари, Т., 1997; Мирзаев А., Суғориш ва зах қочириш мелиорацияси, Т., 1979; Орошение земель в Средней Азии и Казахстана, М., 1980.