СУҒОРМА ДЕҲҚОНЧИЛИК

СУҒОРМА ДЕҲҚОНЧИЛИК, обикор деққончилик — қишлоқ хўжалиги. экинларини суғориб етиштириш. Чўл, чала чўл ва қурғоқчил зоналарда, шунингдек, вегетация даврининг айрим босқичлари нам билан етарли таъминланмаган ҳудудларда вужудга келган. Деҳқончиликнпнг энг интенсив турларидан бири. Суғорма деҳқончилик экинлардан энг юқори ва барқарор хрсил етиштиришни таъминлайди, лалмикор деҳқончиликка нисбатан 8—10 марта кўпроқ ҳосил беради. Бундай шароитларда ердан самарали фойдаланиш, такрорий ва қўшимча экинлар экиш мумкин.

Суғорма деҳқончилик неолит давридан бери маълум. Иссиқ ва қуруқ ўлкаларда, мас, Месопотамия, Ўрта Осиё, Мисрда ҳар йили дарёлар тошиб сув босадиган ерларда деҳқончилик маданиятининг дастлабки ўчоклари пайдо бўлди (қ. Лиман усулида суғориш). Экин сув қайтганидан кейин қолган лойқага экилган. Суғорма деҳқончиликнинг ибтидоий шакли — мотига (дастаки сўқа) деҳқончилиги ана шундай вужудга келган. Йирик суғориш каналларини барпо этиш қулдорлик жамиятида бошланади. Мексикада суғоришнинг бошқа бир усули — ерни сувга яқинлаштириш қўлланилган: ўсимлик тупроқ солинган махсус сол (чинампа)да ўстирилган.

Кўпчилик мамлакатларда суғориладиган ерлар жами экин майдонларининг 1 — 15% (АҚШ, Мексика, Италия, Франция, Руминия, Польша ва б.), бир кагор мамлакатларда ярми ёки ундан кўпроғини ташкил этади (Афғонистон, ВСР, Эрон ва б.); айрим мамлакатларда эса фақат суғориб (Миср, Саудия Арабистони, Уммон ва б.) деҳқончилик қилинади. Суғорма деҳқончилик (млн. га; 1999) Ҳиндистон (59), Хитой (52,5), АҚШ (21,4), Россия (4,6), Ўзбекистон (4,3), Испания (3,6), Украина (2,5) мамлакатларида жадал ривожланмоқда. Шунингдек, Суғорма деҳқончилик Буюк Британия, ГФР, Бельгия сингари намлик етарли ва ҳатто ортиқча бўлган мамлакатларда ҳам ривожланмоқца.

Суғорма шароитларда асосан дон (шоли, буғдой, маккажўхори, тариқ, жўхори, дуккакли дон), техника экинлари (ғўза, каноп, зиғир, шакарқамиш, ва б.), ем-хашак, сабзавот, мева ва резавор мевалар ўстирилади.

Суғорма деҳқончиликни олиб бориш учун суғориш системалари барпо қилинади. Экинлар таркиби қатъий ихтисослашади. Алмашлаб экмшда етакчи экин кўпроқ экилади. Суғориладиган экинларни парвариш қилиш технологиясида икдим ва тупроқ шароитлари, экиннинг хусусияти ва нави билан боғлиқ бўлган сув бериш муддатлари ва нормаларини тўғри белгилаш катта аҳамиятга эга. Суғорма деҳқончиликда тупроқни ишлаш; асосий (капитал) ва жорий (эксплуатацией) текислаш — суғориладиган майдон бўйлаб сувнинг равон оқишини таъминлаш учун ер юзасини текислаш; 30—35 см чуқ. да шудгорлаш ва ерга экишдан олдин ишлов бериш (бороналаш, чизеллаш ва б.); далани такрорий экиш учун тайёрлаш; бутун вегетация давомида экин қатор ораларига ишлов бериш (чопиқталаб экинлар майдонларида ҳар бир суғоришдан кейин тупроқни юмшатиш); муваққат суғориш шохобчаларини, ўқариқ ва даҳаналарни текислаш ва б. ишлар бажарилади. Суғорма деҳқончилик ўғитлар самарадорлигини оширишга қулай шароитлар яратади. Суғоришда ўғитлар тезроқ ўзлаштирилади ва экинлар улардан тўлароқ фойдаланилади, Суғорма деҳқончиликда минерал ўғитлар солиш миқдори кўпайтирилади (одатда 30—50% гача). Шунингдек, маккажўхори, картошка, сабзавотлар, мева дарахтлари майдонларига гўнг (20—40 т/га) солинади, кўкат ўғитпар ҳами қўлланилади.

Ўрта Осиёдаги суғориладиган ерларда, асосан, ғалла, ғўза ва алмашлаб экишда уларга йўлдош экинлар (беда, маккажўхори, ем-хашак экинлари, жўхори ва б.), шунингдек, сабзавотполиз экинлари, мева дарахтлари, ток, шоли, қанд лавлаги, тамаки ва б. экилади.

Ад.: Эрмагов А. Қ., Суғориладиган деҳқончилик, Т., 1983; Абдуғаниев А. А., Повўшение экономической эффективности использования орошаемўх земель в Ўзбекистане, Т., 1983.

Султон Холназаров.

Prev Article

СУҒОРИШ

Next Article

СУҒУРЛАР