СУЛАЙМОНОВ Ҳамид Сулаймонович

СУЛАЙМОНОВ Ҳамид Сулаймонович (1910.5.5 — Тошкент — 1979. 8.6) — адабиётшунос, матншунос. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1964). Филол. фанлари д-ри (1961), проф. (1971). Москва кинематография ин-тини тугатган (1932). Тошкент пед. ин-ти ўқитувчиси, кафедра мудири ва ТошДУ доценти (1935—50). 50й. ларда қатағонга учраган. 60й. ларда окланган. Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти сектори мудири (1962—67). Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи (1967 — 69) ва Қўлёзмалар ин-ти (1978—79) директори. Асосий илмий фаолияти Алишер Навоий лирикасининг текстологик тадқиқотларига бағишланган. Навоий қўлёзмалари библиографиясини тузган (1946—47) ва шоирнинг «Бадое улбидоя», «Наводир унниҳоя» девонлари қўлёзмаларини топиб (1959), улар шоир томонидан тузилганлигини исботлаган. «Хазойин улмаоний» танқидий матнини тузган ва нашр эттирган (1958—60). «Девони Фоний» қўлёзмаларини (Франциядан) топиб, фотонусха асосида нашр эттирган (1965). Ҳофиз Хоразмийнинг 2 ж. ли «Девон»и фотонусхасини Ҳайдаробод (1975, Ҳиндистон)дан Тошкентга олиб келиб (1977), сўз боши ёзиб чоп эттирган (1980). Хаттотлик ва китобат санъатига оид илмий асарлар ёзган. «Бобурнома»га ишланган расмлар» (1959), «Навоий асарларига ишланган расмлар» (1980, Ф. Сулаймонова билан ҳамкорликда), «Амир Хусрав асарларига ишланган расмлар» (1983, Ф. Сулаймонова билан ҳамкорликда) альбомларини тузган ва чоп эттирган. Тошкент, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Жиззах ш. даги адабиёт музейлари ҳамда Қўлёзмалар ин-тининг ташкил этилишига раҳбарлик қилган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979). Тошкент ш. даги кўчалардан бирига Сулаймонов номи берилган.