СУЛЬФАТ КИСЛОТА

СУЛЬФАТ КИСЛОТА — H2SO4 2 асосли кучли кислота. Оддий шароитда ҳидсиз, рангсиз, оғир мойсимон суюқлик; зичлиги 1,83 г/см3(15° да), қотиш т-раси 10,45°, қайнаш т-раси 296,2°. С. к. сувни ўзига ютиб, кўп микдорда иссиклик чиқаради. Шу сабабли уни суюлтиришда кислотага сув қўшиш салбий оқибатларга олиб келади (кучли портлаш содир бўлиши мумкин). Сульфат кислотани суюлтириш учун уни озоздан сувга қўшилади. Сульфат кислотанинг сувдаги эритмаларини совитиш йўли билан унинг H2SO4H2O, H2SO42H2O, H2SO44H2O таркибли гидратлари олинган. Сульфат кислота сульфатлар ва гидросульфатлар ҳосил қилади. Концентрланган Сульфат кислота кучли оксидловчи. Сульфат ангидриднинг Сульфат кислота даги эритмаси «тутовчи» С. к. ёки олеум номи билан юритилади. Сульфат кислота олтингугурт, олтингугурт колчедани FeS2, сульфит ангидрид SO2 ва б. дан ҳам ҳосил қилинади. Сульфат кислота кимё саноатининг муҳим маҳсулоти. Ўғит тайёрлашда, металлургияда, нефтни тозалашда, бўёқчилик саноатида, сунъий толалар, портловчи моддалар, хлорид кислота олишда, қўрғошинли аккумуляторларда электролит сифатида ва б. да ишлатилади.

Сульфат кислота ишлаб чиқаришдаги заҳарли газлар (SO2 ва NO2), шунингдек, SO3 ва H2SO4 буғлари анча хавфлидир. Шунинг учун қурилмаларни яхшилаб герметиклаш ва шамоллатиш керак. Сульфат кислота терини кучли куйдиради, у билан ишлаганда ҳимоя воситалари (кўзойнак, резина қўлқоп, фартук, этик)дан фойдаланиш зарур.

Loading...