
СУН
СУН, Сунг хонлиги — Хитой тарихида мавжуд бўлган 2 сулола ва давлат. Илк С (420—479). Пойтахти — Цзянканг (ҳоз. Нанкин). Асосчиси — Шарқий Цзин хонлиги (317—420), ҳарбий қўмондони Лю Юй (363—422). Лю Юй мамлакатда юз берган қўзголонларни бостиришда ва бир қатор майда хонликларга қарши курашда ғолиб чиққанлиги туфайли Сунгван (Сунг вилояти ҳокими) унвони билан тақцирланган. 420 й. у фурсатдан фойдаланиб Шарқий Цзин сулоласидан тахтни тортиб олган. Лю Юй сулолага Сун (халқ орасида Лю Сунг деб ҳам номланади), ўзига эса Уди (Жанговар хоқон) деб ном берган. У давлатни мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча сиёсийиқтисодий ислоҳотлар ўтказган. Ушбу хонлиқда жами 8 ҳукмдор ўтган. Саройдаги фитналар, деҳқонлар қўзғолонлари натижасида 479 й. хонлик барҳам топган. Сўнгги Сун (960—1279). Пойтахти — Кайфин (Кайфэн). Асосчиси — Сўнгги Чжоу хонлиги (951—960) саркардаси Чжао Куанинь (Куангйинг) (927—976). Сўнгги Чжоу хонлигида ҳокимият алмашиниши туфайли юзага келган сиёсий вазиятдан фойдаланган Чжао Куанинь ҳарбий тўнтариш уюштириб, пойтахт Кайфинни эгаллаб, тахтни ўз қўлига олган. У янги давлат ташкил қилиб, унга Сун (Сунг), ўзига эса Сунг Тайцзу (С. сулоласи асосчиси) деб ном берган. Тарихда унинг даври Цзянлунг деб ҳам аталади. Чжао Куанинь давлат ҳудудини кенгайтириш, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш, хазинани бойитишга қаратилган бир қатор сиёсий, харбий ва иктисодий чоратадбирларни амалга оширган. Сун ҳудуди Марказий ва Жан. Хитой билан чекланган. Ташқи сиёсатда Сун асосий эътиборини Шим. Хитойда киданлар томонидан барпо этилган Ляо давлати (916—1124) дан ҳимояланишга қаратган. Сун хонлиги 979 й. ҳоз. Пекинни эгаллаб, киданларга кучли зарба беришни режалаштирган. Аммо жангда мағлубиятга учраган, киданлар хонлик пойтахти Кайфинни босиб олишган. Сун хони Тайцзун сарой амалдорлари билан пойтахтни ташлаб жан. га қочган. С. Ляо давлати билан сулҳ тузишга, унга ўлпон тўлаб туришга ва қўшин сонини кескин қисқартиришга рози бўлган. Кейинги даврларда Сун сулоласи Ляо давлати таъсиридан чиқишга кўп ҳаракат қилсада, уддасидан чиқа олмаган. 1127 й. пойтахт Линъан (ҳоз. Хангчжоу) ш. га кўчирилган. Шундан кейин Сун хонлиги Жанубий Сун деб аталди. 1279 й. у мўғуллар томонидан тугатилган.