СУНЪИЙ БУЙРАК

СУНЪИЙ БУЙРАК, гемодиализатор — хасталанган буйракларнинг чиқарув функциясини вақтинча ўтайдиган аппарат. Асосий вазифаси ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилигида сув электролит ва кислотаишқор балансини, қон таркибини нормал саклаш, моддалар алмашинуви маҳсулотларини ва турли заҳарланишлардан ҳосил бўлган токсинларни, шунингдек, шишганда организмдаги ортиқча сувни чиқариб ташлашдан иборат (гемодиализ).

Америкалик олим Абель 1913 й. диализ аппарати кашф қилиб, тажрибада синаб кўрди. Кейинчалик голландиялик В. Колф (1944 й.) Берк билан ҳамкорликда клиник талабларга бирмунча жавоб бера оладиган Сб. ихтиро қилиб, амалиётда илк бор қўллади.

Сунъий буйракнинг ишлаши моддаларнинг қон ва диализлайдиган махсус эритмадаги концентрациялари фарқи туфайли ярим ўтказувчи мембранадан ўтишўтмаслик хусусиятига асосланган: оқсиллар, қоннинг шаклли элементлари, бактериялар, мол. м. си 30000 дан катта бўлган моддалар мембранадан ўтмайди; азотли чиқиндилар — мочевина (сийдикчил), сийдик кислота, креатинин каби организмни заҳарловчи моддалар эса мембранадан тўсиқсиз ўтиб, махсус эритмага ажратиб олинади. Сб. ишлаганда беморнинг билак венасидан насосмеханик юрак ёрдамида веноз шунт орқали сўрилаётган қон диализатор капиллярлари орқали ўтади. Капиллярлар сирти бошқа насосдан бериладиган диализловчи эритма билан ювиб турилиши натижасида қон чиқиндилардан тозаланади.

Артериалвеноз (АВШ) беморни Сб. аппаратига улаш воситаси бўлиб, кейинчалик такомиллаштирилди ва артериалвеноз фистула (АВФ) ихтиро қилинди, лекин бу усулда томирларнинг варикоз кенгайиши, веноз қон оқимининг бузилиши каби нохуш ҳолатлар кузатилади. АВФнинг камкўстсиз варианти «Тошкент буйракни кўчириб ўтказиш маркази»нинг олимлари — акад. Ў. Орипов ва шогирдлари томонидан ҳал қилинди (1971 й.). Сурункали буйрак касаллиги бор беморларда амбулатория шароитида замонавий АВФ ёрдамида гемодиализ ўтказиш кенг йўлга қўйилди.

Ҳоз. АВФ ҳосил қилишнинг амалиётда турли модификациялари ишлаб чиқидди. Беморларни зудлик билан гемодиализга тайёрлаш мақсадида (юқори даражадаги уремия, гипергидратация, гиперкалиемия) уларнинг марказий венасига (ўмров ости, сон венаси, бўйинтуруқ веналари) икки ёрикли катетер ўрнатиш кенг қўлланила бошланди. Гемодиализ сеанслари 4—8 соат давом этиб, бу вактда қон ивиб қолмаслиги учун унга гепарин моддаси қўшиб турилади. Гемодиализ билан даволашнинг бошланғич даврларида турли хил геморрагик асоратларнинг олдини олиш мақсадида гемодиализ сеанслари регионар гепаринизация (протамин сульфат) билан олиб борилади.

Гемодиализ муолажаси самарадорлиги гемодиализаторларни диализловчи юзаси майдонига боғлиқ. Диализатор техник хусусиятларининг яхшиланиши, Сунъий буйрак аппаратларининг такомиллаштирилиши, қоннинг диализатор орқали айланиб ўтиши тезлигининг ошиши (АВФ такомиллашиши) гемодиализдаги беморлар ҳаётининг узайишига олиб келди. Шунингдек, беморларни даволанишга психологик тайёрлаш ҳам катта аҳамиятга эга.

Республикамизнинг ҳар бир вилоятида гемодиализ марказлари бор. Тошкент ш. да 6 та ихтисослаштирилган гемодиализ маркази фаолият кўрсатади, уларда замонавий Сунъий буйрак аппаратлари ўрнатилган.

Анвар Зуфаров, Искандар Йўлдошев.

Prev Article

СУННАТ