СУНЪИЙ ҚОН АЙЛАНИШ АППАРАТИ, сунъий юракўпка аппарати — бемор организмида ёки донорнинг ажратиб олинган аъзосида қон бир текис айланишини ва бир меъёрда моддалар алмашинувини таъминлайдиган аппарат. Юрак ва ўпка вазифасини вақтинчалик ўташга мўлжалланган. Биринчи Сунъий қон айланиш аппарати автожектор 1925 й. да рус физиологи С. С. Брюхоненко томонидан яратилган. Кейинчалик шу аппарат ёрдамида ҳайвонларда кўпгина юрак операциялари ўтказилди. Сунъий қон айланиш аппарати ўзаро боғлиқ бўлган система ва блоклар комплексидан: «Сунъий юрак»—насос, юриткич, узаткичдан иборат бўлиб, қонни ҳаётни таъминлай оладиган ҳажмий тезликда оқадиган қилиб ҳайдайди; оксигенатор деб аталадиган «Сунъий ўпка» — газ алмашиниш қурилмаси бўлиб, қонни кислород билан тўйинтириш, карбонат ангидрид газини чиқариб юбориш ва кислотаишқор мувозанатини нормал сақлаб туриш учун хизмат қилади.
Ҳоз. жаҳонда 100 дан ортиқ типдаги турли мақсадларда ишлатиладиган Сунъий қон айланиш аппарати лари яратилган. Хавфли ўсмалар, яллиғланиш жараёнлари ва деструктив шикастларни кимёвий моддалар билан даволашда, юракўпка фаолияти бузилганда ёрдамчи сунъий қон айлантиришда, клиник ўлим ҳолатидаги беморни тирилтиришда, кўчириб ўтказишга мўлжалланган аъзоларни тирик саклаб туришда ишлатиладиган Сунъий қон айланиш аппарати бор.