СУНЪИЙ ТИЛЛАР

СУНЪИЙ ТИЛЛАР — муайян мақсадни кўзлаб яратиладиган ва табиий тилларнинг ўринбосари сифатида қўлланадиган тиллар. Сунъий тиллар махсуслашуви мўлжалига қараб, шунингдек, табиий тиллар билан ўхшашлик даражасига кўра фаркланади: халқаро ёрдамчи тиллар, математик ёрдамчи тиллар, информацион тиллар. Халқаро ёрдамчи тиллар табиий тиллар билан юқори даражада ўхшаш бўлган, умумистеъмолга мўлжалланган, махсуслашмаган тиллардир. Халқаро муомала воситаси сифатида Сунъий тиллар яратиш ғояси француз олими Р. Декарт ва немис олими Г. Лейбницга тегишлидир. Булар тушунчаларнинг мантиқий таснифига таянувчи рационал тил лойиҳалари бўлган. 17—20-а. ларда бундай тилларнинг 1000 га яқин лойиҳаси яратилган бўлсада, уларнинг айримларигина (волапюк, эсперанто, идо, интерлингва) амалда қўлланган. Сунъий тиллар априор (табиий тилларга боғлиқ бўлмаган), апостериор (табиий тилларнинг матёриалини ўзлаштирган) ва априорапостериор (аралаш) тилларга бўлинади. Халқаро муомалага кирган дастлабки Сунъий тиллар волапюк (инг. world ва speak сўзларининг фонетик ўзгаришидан: volapiik — «жаҳон тили») аралаш Сунъий тиллар бўлиб, 1879 й. да Германияда И. М. Шлейхер томонидан яратилган. Апостериор Сунъий тиллардан эсперанто 1887 й. да Польшада варшавалик врач Л. Л. Заменгоф томонидан яратилган. Идо, интерлингва, окциденталь ҳам апостериор Сунъий тиллар ларга мансубдир, яъни уларнинг яратилишида байналмилал лексикадан унумли фойдаланилган.

Математик ёрдамчи тиллар, бошқача айтганда, турли мўлжалдаги махсус Ст., асосан, мат. мантиқ, лингвистика, кимё, физика ва б. фанларнинг рамзий (рамзларга асосланган) тилларидир. Бундай тилларнинг яратилиши ҳам ўз тарихий босқичларига эга: математик ифодалардаги ҳарфий рамзлар Европада 16-а. дан қўлланган; математик мантиқ тили 19— 20-а. ларда, тилшуносликнинг рамзий тил унсурлари ўтган асрнинг 20 — 40й. ларида пайдо бўлган.

Информацион тиллар, яъни инсонмашина муомаласига асосланган тиллар ўтган асрнинг 40й. ларида, ЭҲМнинг пайдо бўлиши билан бир даврда шакллана ва ривожлана бошлаган (қ. Информацион тиллар).

Баъзан «Сунъий тиллар» термини шаклланиши ва ривожланишига инсоннинг онгли таъсири юқори даражада бўлган табиий тилларнинг кичик тизимларига нисбатан ҳам қўлланади. Mac, лахжа ва шеваларга нисбатан адабий тиллар, умумхалқ тилига нисбатан хунармандлар ва махсус гуруҳлар тиллари Сунъий тиллар ҳисобланади.

Сунъий тилларни ҳар икки маънода ўрганиш тилнинг системавийлик, коммуникативлик, яроқлилик, барқарорлик ва ўзгарувчанлик каби хусусиятлари ҳақидаги, шунингдек, инсоннинг тилга онгли таъсири чегаралари ҳақидаги назарий тасаввурларни кенгайтиради. Абдуваҳоб Мадвалиев.