СУПОРИШ (форс. — топшириқ, ҳавола) — ўзбек ва тожик мумтоз ашула ва чолғу йўллари, айниқса, мақом туркумларининг туширим қисми. Шашмақомда С шўъбалар туркумининг ижро этилишида уларнинг бирини иккинчисига (мас, Сарахбор шўъбаларидан — талқинларга, талқинлардан — насрларга) узвий боғлаш вазифасини ҳам ўтайди. Баъзан йирик шўъбанинг тугалловчи (хотима) қисми сифатида келган Супориш тарона ҳам дейилади. Сларда доира усули ўзидан кейин келадиган шўъбалар усулида бўлади. Супоришнинг яна бир тури ҳар бир мақом биринчи гуруҳ шўъбалари туркумининг тугалловчи қисми бўлиб, одатда, Сарахборларнинг бошланғич кичик бўлагига асосланади.