СУСПЕНЗИЯЛАР

СУСПЕНЗИЯЛАР (лот. suspensio — осмоқ) — суюқ дори тури. Таркибидаги кукун (қаттиқ зарра кўринишидаги) дори моддалари бирор суюклик (сув, глицерин, ўсимлик мойи)да муаллақ ҳолда туради. Суспензиялар доривор моддаларни айни эритмада эритиб бўлмайдиган ҳолларда тайёрланади. Суспензияларни ишлатишдан олдин яхшилаб чайқатилади. Суспензиялар конденсатлаб ёки дисперслаш йўли билан ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалигида ўсимликларни ҳимоя қилишда пуркаш учун кенг қўлланади. Суспензиялар дисперсион муҳит (одатда, сув) ва дисперс фаза — пестициднинг қаттиқ заррачаларидан ташкил топади. Улар етарли даражада барқарор, яъни тайёрланганидан кейин узоқ вақтгача чўкмайдиган, пуркаладиган сатҳни яхши ҳўллаши ва ёпишқоқ бўлиши керак. С, одатда, ишлатиладиган пайтда, қаттиқ кукун препаратлар — ҳўлланувчи кукундан тайёрланади. Уларнинг таркиби (30—90%) пестицидлар, тўлдирувчилар, сирт фаол ва қўшимча моддалардан иборат. Тўлдирувчи модда сифатида кўпинча каолин қўлланади. Деҳқончиликда тупроқни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда ёки бегона ўтларга қарши курашда ишлатилади. Олтингугурт, акрекс, кельтан, гардона, тиодан, фозалон ва б. инсектицид ҳамда акарицидларнинг ҳўлланувчи кукунларидан тайёрланган Суспензиялар кенг тарқалган.

Бир қатор технологик жараёнларда (қоғоз, лок, бўёқ, пластиклар, резина ва б. ишлаб чиқаришда) Суспензияларнинг аҳамияти катта.

Loading...