СУТ ЭМИЗУВЧИЛАР

СУТ ЭМИЗУВЧИЛАР (Mammalia) умуртқали ҳайвонлар синфи. Триас охирида йиртқич судралиб юрувчилар — цинодонтлардан келиб чиққан. Цинодонтлар бир гуруҳидан кўп бўртиқлилар (қирилиб кетган), иккинчисидан клоакалилар пайдо бўлган. Кўп бўртиқлилардан Юра даврида пантотериялар, улардан эса ҳозирги халталилар ва йўлдошлилар вужудга келганлиги тахмин қилинади.

Сут эмизувчиларнинг ташқи кўриниши ва ўлчами ҳар хил. Пакана оқ тишлининг (ҳашаротхўрлардан) уз. 4 см, вазни 1,2 г келса, қурукликда яшовчи энг йирик ҳайвон — африка филининг баландлиги 4,5 м, вазни 7,5 т га яқин. Ҳоз. ҳайвонлар орасида энг йириги кўк китнинг уз. 33 м, вазни 150 т. С. э. бўйин умуртқаларининг 7 та бўлиши, тишларининг ҳар хил тузилганлиги, улар чуқурчалар (альвеолалар)да жойлашганлиги, пастки жағи фақат тиш суякларидан иборатлиги, ўрта қулоғи бўшлиғида 3 та эшитиш суякчасининг ва сўлагида крахмални парчаловчи фермент борлиги билан бошқа умуртқалилардан фарқ қилади. Сут эмизувчиларнинг юмшоқ лаби овқатни олиш вазифасини бажаради. Ичаги мураккаб тузилган, баъзи Сут эмизувчиларнинг ошқозони кўп бўлмали. Ўпкаси альвеолалардан иборат. Тана бўшлиғининг диафрагма ёрдамида кўкрак ва қорин бўшлиғига бўлиниши нафас олишини жадаллаштиради. Юраги 4 камерали; фақат чап аорта ёйи сақланиб қолган. Сут эмизувчилар иссиқ қонли — гомойотерм ҳайвонлар; артерия ва вена қони тўлиқ ажралган. Эритроцитлари етилган даврида ядросиз. Айириш системаси чаноқ буйрагидан иборат. Бош мияси йирик, унинг олдинги қисми (яримшарлари) пўстлоқ хрсил қилади. Сут эмизувчиларнинг мураккаб нерв фаолияти ва хулқатвори яримшарлар пўстлоғининг кучли ривожланганлиги билан боглик. Ҳид билиш, куриҳ, эшитиш органлари яхши ривожланган. Ҳиқилдоғи мураккаб тузилган; унда овоз пайлари жойлашган. Ташқи қулоқ ривожланган. Сут эмизувчилар атериялар ва териялар (тирик туғувчилар) кенжа синфларига ажратилади. Атериялар протериялар (қирилиб кетган триконодонт ва клоакалилар туркумлари) ва аллотерияларга (қирилиб кетган кўп бўртиқлилар туркуми); териялар эса 3 бўртиқлилар (қирилиб кетган), халталилар ва йўддошлиларга бўлинади. Халталиларга 1 туркум, йўлдошлиларга ҳоз. 17—23 ва қад. қирилиб кетган 12 туркум киради. Ҳоз. Сут эмизувчилар 4000 га яқин турни ўз ичига олади. Иссиқ қонлилиги, танасининг юнг билан қопланганлиги (сувда яшовчилар териси остида қалин ёғ қатламининг бўлиши), насли тўғрисида ғамхўрлик қилиши (сут билан боқиши, ҳимоя қилиши, тарбиялаши) ва б. турли хил мосланишга эга бўлиши туфайли Сут эмизувчилар ер юзидаги Шим. қутбдан тортиб Антарктида қирғоқларигача бўлган барча ҳудудларни эгаллаган.

Сут эмизувчилар қадимдан одам ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган. Кўпчилик Сут эмизувчилар овланган. Бир қанча турлари хонакилаштирилиб, улардан озиқовқат манбаи, ишчи кучи ёки қўриқчи сифатида фойдаланиб келинади. 20-а. дан мўйнали Сут эмизувчиларни хонакилаштириш, улардан лаб. ҳайвонлари сифатида фойдаланиш бошланди. Бир қанча Сут эмизувчилар қишлоқ хўжалиги экинлари, ўрмончилик (айрим кемирувчилар) ва чорвачиликка (асосан, йиртқичлар) зиён келтиради. Айрим Сут эмизувчилар (асосан, кемирувчилар) ўлат, туляремия, қутуриш ва б. оғир юқумли касалликларнинг тарқалишида иштирок этади.

Одам фаолияти таъсирида Сут эмизувчиларнинг бир қанча турлари сони камайиб, айрим турлари йўқолиб бормоқда. 17-а. бошидан ҳозиргача Сут эмизувчиларнинг 63 тури (1,3%) қирилиб кетган. Режасиз овлаш, қишлоқ хўжалиги. экинлари, хонаки ва ов ҳайвонларини муҳофаза қилиш мақсадида қириш, улар яшаш жойининг бузилиши ва қисқариши, интродукция қилинган турлар таъсири ёки табиий омиллар Сут эмизувчилар сони камайиб кетишининг асосий сабаблари ҳисобланади. Сут эмизувчиларнинг 230 тури ва 91 кенжа тури Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил китобига киритилган. Шунинг билан бирга айрим синантроп Сут эмизувчилар ареали ва сони ортиб бормоқда. Сут эмизувчиларнинг 7 тури (жумладан Пржевальский оти, Давид буғуси) фақат тутқунликда ёки ярим тутқунликда (зубр, окдум гну) сақланиб қолган. Сут эмизувчиларни муҳофаза қилишда ноёб турларнинг овланишини тақиқлаш, уларнинг яшаш жойини саклаб қолиш, миллий боғлар, қўриқхоналар ва буюртма қўриқхоналар ташкил этиш, тутқунликда кўпайтириш орқали ҳайвонларни реакклиматизация килиш (қайтадан табиий ареалига қайтариш) катта аҳамиятга эга. Қўриқхоналар ташкил этиш орқали зубр, қулин, бухоро буғуси (хонгул), йўлбарс, леопард ва б. ҳайвонлар сақланиб қолди; сайғоқ, собол, бобёр ва б. сони қайта тикланди.

Loading...