СУВ КАДАСТРИ

СУВ КАДАСТРИ — мамлакатнинг сув ресурслари тўғрисида тартиблаштирилган маълумотлар мажмуи. Сув кадастри жами сувларнинг микдор ва сифат тавсифлари бўйича ҳисобга олиш маълумотларини, шунингдек, сувдан фойдаланишни қайд қилиш ва қисобга олиш маълумотларини ўз ичига олади. Сувлардан самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни таъминлаш Сув кадастрини юритишнинг асосий мақсади ҳисобланади. Сув кадастри маълумотларидан сувдан фойдаланишни режалаштириш ва сув хўжалиги тадбирларини ўтказишда фойдаланилади. Сув кадастри 3 бўлимдан иборат: ер усти сувлари; ер ости сувлари; сувдан фойдаланиш. Сув кадастрининг ҳар бир бўлимида доимий (каталог), йиллик ва кўп йиллик маълумотлар берилади. Сув ҳавзаларини йиллик ва кўп йиллик кузатиш орқали уларнинг ҳажмини белгиловчи кўрсаткичлар аниқланади (сув ҳавзалари ўзани, ҳажми ва ҳ. к. маълумотлар). Сувлар таркиби бўйича маълумотлар (шўрлиги, минераллашганлиги, ҳарорати ва ҳ. к.) сув ҳавзаларининг сифат кўрсаткичларини ташкил қилади. Бундан ташқари, сув ҳавзалари тўғрисидаги маълумотлар (номи, жойлашган ўрни, гидротехника иншоотлари мавжудлиги) Сув кадастрига киритилади. Сув кадастрида сув мониторинги — сув захираларидаги ўзгаришларни ўз вактида аниклаш, уларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш, уларга барҳам бериш учун сувларнинг ҳолати устидан олиб бориладиган кузатув тизими маълумотлари муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ҳудудидаги ер усти сув ресурслари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар биринчи марта 1933—40 й. ларда Давлат гидрология ин-ти томонидан тайёрланиб, сув ресурслари маълумотномаси, дарёлар режими, сув сатҳи маълумотлари ҳақидаги нашрларда кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси С. к. юритиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўгрисида»ги қонуни (1993 и. 6 май)га мувофиқ олиб борилади. Давлат Сув кадастри ва сув мониторингини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.

Loading...