СУВ САТҲИ — дарё ва кўллардаги сув юзасининг денгиз сатҳига нисбатан баланд ёки пастлиги (сувнинг нисбий сатҳи). Сув сатҳининг ўзгариб туриши, асосан, дарё суви сарфи ва кўл ҳажмининг ўзгаришига боғлиқ. Сув сатҳининг табиий ўзгариб туриши эса, асосан, иқлим шароитларига боғлиқ. Кўллардаги Сув сатҳининг йиллик ўзгариши бир неча см дан 2—3 м гача, катта дарёларда 5—12 м (баъзан 30—35 м) гача етади. Сув сатҳининг ўзгариши сув ўлчаш шохобчаларида аниқланади.