СУВАЙИРҒИЧ — Ер юзасида ёғин сувлари оқимини турли томонларга йўналган икки ён бағир бўйича ажратиб турувчи чизиқ, чегара. Ер остида эса С — турли томонларга ҳаракатланувчи ер ости сувлари оқимини ажратиб турувчи шартли чизиқ. С. тоғли ўлкаларда тизмаларнинг қирраларидан ўтади. Текисликларда эса ясси ерлардан, ботқоқликлардан иборат бўлиши мумкин. Бундай жойларда Сувайирғични чизиқ тарзида кўрсатиш мумкин эмас. Тинч океан ҳавзаси билан Атлантика океани ҳавзасини чегаралаб турувчи чизиқ Ернинг бош С. деб ҳисобланади.