СУВЎТЛАР

СУВЎТЛАР (Algae) — тубан ўсимликлар дунёчаси; содда тузилган, асосан, сувли муҳитда ўсади. Сувўтлар бир ҳужайрали микроскопик катталикда колония бўлиб яшайдиган, кўп ҳужайрали ва уз. 60 м гача бўлган турларни ўз ичига олади. Айрим турларида тўқималар ривожланган. Танасининг ҳужайралари ихтисослашмаган, ўтказувчи тўқималари ривожланмаган. Ризоидлари субстратга ёпишиш учун хизмат қилади. Кўкяшил ва прохлорофит Сувўтлар — прокариотлар; уларни, одатда, мустақил гуруҳ сифатида цианобактерияларга, эвгленасимон Сувўтларни кўпинча бир ҳужайрали ҳайвонларга (хивчини бўлиши, айрим турларининг голозой озиқланиши туфайли) киритилади. Эукариот С ҳужайраси хлоропластлари (хроматофорлари)да пиреноид, ҳаракатчан Сувўтларда хивчин, баъзан кўзча, қисқарувчи вакуола бўлади. Кўпчилиги автотроф, бир қанча турлари гетеротроф ва голозой озикланади. Сувўтларнинг бир қисми гетеротроф, жумладан, паразит озиқланишга ўтган. Вегетатив, жинссиз ва жинсий (гологамия, изогамия, анизогамия, оогамия) кўпаяди. Сувўтлар зооспоралар ҳосил қилиб кўпайиши билан юксак ўсимликлардан фарқ қилади.

Биокимёвий хусусияти (пигменти, ҳужайра қобиғи таркиби, захира озиқ моддалар хили)га ва ғужайрасининг субмикроскопик тузилишига биноан, Сувўтлар 10 бўлим; кўкяшил, қизил, тилларанг, диатом, динофит, қўнғир, сариқяшил, эвгленасимон, яшил, харасимонларга ажратилади. 41000 дан ортиқ тури маълум. Денгизларда қирғоқдан бошлаб 200 м гача ва ундан ҳам чуқурроқда, чучук ва ўта шўрланган сув ҳавзалари, қайноқ булоқлар, тупроқда, жумладан, тоғ ва даштларда учрайди. Хивчинли даврга эга бўлган Сувўтлар 2 гуруҳга бўлинади: а ва в хлорофиллга эга бўлган яшил Сувўтлар (эвгленасимонлар, яшил С, харасимонлар) ҳамда в хлорофиллсиз, лекин кўпинча с хлорофиллга эга бўлган сариққўнғир Сувўтлар (тилларанг, диатом, сариқяшил С). С. нинг ҳар хил бўлимлари турли хил бир хужайрали организмлардан мустақил ҳолда келиб чиққанлиги тахмин қилинади.

Сувўтлар биосферада органик моддаларни илк бор ҳосил қилувчи организмлар сифатида жуда катта аҳамиятга эга; океанларда Си биомассаси 1,7 млрд. т га яқин (1 йилда 550,2 млрд. т). Сувўтлар 1 га сув юзасига нисбатан 1,3—2,0 т қуруқ биомасса ҳосил қилади.

Ер атмосферасида эркин кислороднинг пайдо бўлиши ҳам Сувўтлар билан боғлиқ. Сувўтлар энг қад. организмлар бўлиб, улардан бошқа ўсимликлар келиб чиққан. Кўпчилик бир хужайрали Сувўтлар замбуруғлар билан симбиоз яшаши туфайли лишайниклар хрсил бўлган (қ. Лишайниклар). Сувўтларнинг Ер юзидаги геокимёвий аҳамияти кальций ва кремнийнинг табиатда айланиши (диатом Сувўтлар қолдиқлари) билан боғлиқ. Йирик Сувўтлар овқат учун ишлатилади, чорва озиғи сифатида қўлланади ва тиббиётда альгинатлар, йод ва микробиология саноати учун зарур бўлган агарагар олинади. Ламинария, макроциста, порфира ва б. С. денгизларда махсус кўпайтирилади (қ. Аквакулўпура), Кўпчилик Сувўтлардан оқова сувларни биологик тозалаш ва сув ҳавзаларининг ифлосланишини аниқлашда биоиндикатор сифатида фойдаланилади. Сни ўрганувчи фанальгология дейилади.

Ўктам Пратов.

Prev Article

СУВЧИ