СУЙ

СУЙ, Суй хонлиги — Хитойдаги сулола ва давлат (581—618). Асосчиси — саркарда Ян Цзянь (Янг Жян); у император Вэньди (581—604 й. ларда ҳукмронлик қилган) номи билан машҳур бўлган. У 589 й. мамлакатнинг жан. ва шим. ни бирлаштириб, хитойлик бўлмаган элатларнинг шим. даги ҳукмронлигига чек қўйган. Давлат ҳудуди шарқда денгиз қирғоқларигача, ғарбда Шарқий Туркистонгача, жан. да ҳоз. ХХРнинг Юннан ўлкасигача ва шим. да Ички Мўғулистонгача кенгайган. Мамлакатни бошқаришни марказлаштиришга қаратилган ислоҳотлар ўтказган. Пойтахти — Чангъан (ҳоз. Сиан) бўлган. Вэньди тахтга чиққан дастлабки йилларида деҳқонларга ён босган. Император Ян Гуан (Янди) даврида (605—617) Хитойдаги Буюк каналнинг асосий кисми қурилган. Ян Гуан Кореяга (611 — 614), Жан. да — Вьетнамдаги Вансуан давлатига, Ғарбда — туркий қабилалар ва тугухунларга қарши босқинчилик урушлари олиб борган. Туркий қабилаларга қарши кураш жараёнида у туркларни 2 га бўлиб ташлаш ва улар орасига низо солиш, шу асосда юзага келган ички зиддиятлардан фойдаланиб ўз мақсадига эришиш режасини амалга оширишга ҳаракат қилди. Ян Гуан каттиққўл, қонхўр, маишатбоз, ортиқча маблағ талаб қиладиган йирик тадбирлар ўтказишни яхши кўрган. С. деҳқонлар қўзғолонлари (611—618) ва ўзаро ички низолар туфайли барҳам топган. 618 й. ҳокимиятни Тайюань (ҳоз. Шаньси вилояти) ноиби Ли Юань эгаллаб олиб, янги Тан сулоласига асос солган.

Loading...