СУЯК ЧИҚИШИ — суяк бўғим учларининг бўғимдан ташқарига силжиши. Суяк бўғимдан тўлиқ ёки қисман чиқади. Келиб чиқиш сабабларига кўра Сч. травматик, одатий, туғма ва патологик турларга бўлинади.
Травматик Суяк чиқиши аксарият ҳолларда бўғимни ташкил қилувчи дистал суякка билвосита қаттиқ итарувчи ёки тортувчи куч таъсир этганда ва бўғимда кескин ҳаракат қилиш оқибатида рўй беради. Одам танасида энг кўп Сч. (барча чиқишларнинг 50%) елка бўғимида учрайди. Деярли ҳамма ҳолларда суяк чиққанда бўғим капсуласи ёрилади ва атроф тўқималарга ички қон қуйилади. Чиққан суяк бошчаси атрофдаги йирик қон томирлари ва нерв толаларини эзиб қўйиши мумкин.
Ташқи кўринишдан Суяк чиқиши жароҳатланган бўғимда кучли оғриқ, қўл ёки оёқнинг мажбуран ноқулай ҳолатда бўлиши, бўғимда ҳаракатнинг кескин чекланиши ва ўзига хос деформациялар билан тавсифланади. Чиққан суякни жойига иложи борича барвақт солиш керак, эскирган Суяк чиқишини бартараф этиш вақт ўтиши билан қийинлашиб боради. Суяк чиқишини жойига солиш учун бир қанча усуллар татбиқ этилган. Улардан баъзилари (мас, Гиппократ усули, Ибн Сино усули) бир неча асрлардан буён кенг қўлланиб келинади.
Травматик Суяк чиқишида биринчи ёрдам — қўл ёки оёқни рўмол билан боғлаш ёки тахтакачлаш, оғриқ қолдирувчи дори бериш ва травматологга мурожаат этиш. Мутахассис бўлмаган одамнинг суякни жойига солишга уриниши оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Баъзан, суяк чиққан вақтда бўғим халтаси ва боғламларининг чўзилиб, бўшашиб кетиши оқибатида, шунингдек, Суяк чиқиши етарли даволанмаганда, арзимаган куч таъсирида ҳам суяк яна қайта чиқиб кетаверади. Бу — одатий Суяк чиқиши дир. Бу хил Суяк чиқиши оператив йўл билан даволанади.
Туғма Суяк чиқиши она қорнидаги ҳомиланинг бирор сабаб билан нотўғри ривожланиши, бўғим юзаларининг номутаносиблиги оқибатида рўй беради. Кўпинча сон суяги бошчаси, баъзан тизза қопқоғи чиқади. Сон суягининг туғма чиқиши қиз болаларда кўпроқ учрайди. Баъзи одамлар сон суяги чақалоқнинг туғилиш вақтида оёғидан тортиб юборилганлиги учун чиқиб кетади деб нотўғри ўйлайдилар. Сон суяги чаноқсон бўғимининг касаллиги туфайли ҳомила ҳали она қорнидалигидаёқ чиқиб бўлади. Шунинг учун янги туғилган чақалоқда травматик Суяк чиқишида учрайдиган оғриқ ва шиш кузатилмайди, бола безовталанмайди. Шу сабабли сон суягининг туғма чиқишини барвақт аниклаш бирмунча мушкул. ғали юрмаган чақалоқларда сон тери бурмаларининг асимметрияси, оёқларни яхши кера олмаслик, бир оёқнинг калталиги, бўксаларда ҳаракат вақтида киртиллаш сингари белгиларга қараб диагноз қўйилади. Ультратовуш текшируви, рентгенография (3—4 ойликдан бошлаб) касалликни аниқлашга ёрдам беради. Юриб кетган болаларда оқсокланиш, «ўрдаксимон» юриш Суяк чиқиши белгиларидир. 1,5—2 ёшгача Суяк чиқишини операциясиз жойига солиш ва бир неча ой давомида оёқларни кериб ушлаш йўли билан даволанади. Каттароқ болаларда сон бошчаси операция қилиб жойига туширилади. Чақалокларнинг оёқларини бирлаштирмасдан эркин йўргаклаш, оёклар орасини очиб кўтариш сон суяги чиқишини камайтиради.
Патологик Суяк чиқиши бўғимни ташкил қилувчи суяклар бўғим юзаларининг ортгирилган касаллик (суяк сили, остеомиелит, ревматоид артрит ва б.) оқибатида емирилиши, бўғимни ўраб турган мускуллар фалажи (паралитик Суяк чиқиши) сабабли рўй беради. Даво Суяк чиқишини келтириб чиқарган касалликка қарши қаратилади.