СУЯК

СУЯКодам ва умуртқали ҳайвонлар скелетининг асосий қисми. Суяк тўқимаси бириктирувчи тўқиманинг бир хили. Суяк бўғимлар, бойламлар, мускуллар ва ўзига бириккан пайлар билан бирга таянчҳаракат аппаратини ҳосил қилади. Суяк ҳужайралар (остеоцитлар, остеокластлар) ва ҳужайралар оралиғи минерал моддалардан таркиб топган. Остеоцитлар ҳужайралар оралиғи моддаси билан ўралган; ўсимталар ёрдамида ўзаро туташган; С. тўқимасида моддалар (оқсил, сув, ион) алмашинувини, остеобластлар эса Суяклар ҳосил бўлишини, уларнинг сўрилиш (резорбция) жараёнини таъминлайди. Остеобластлар ва остеокластларнинг биргаликда таъсири Суякнинг ўсиши ва функционал зўриқиши ўзгаришининг асосини ташкил этади. Ҳужайралараро модда коллаген (оссеин) толалар ва асосий моддадан иборат, бу моддалар Суякнинг пишиқ ва мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Суя к тўқимаси коллагени ўзига хос полипептидларнинг кўплиги билан тоғайдан фарқ қилади. Асосий модда гликопротеидлар ва протеогликанлардан ташкил топган. Минерал компонента апатит, сульфат ва кальций карбонат кристалларидан иборат. Суяк эмбрионал ривожланиш даврида бириктирувчи тўқима — мезенхимадан ҳосил бўлади. Бирламчи Суяк ички тоғай скелетнинг суякланишидан (елка, сон ва б.), иккиламчи Суяк тери ости тангачаларидан (пешона, тепа ва б. С.) вужудга келади.

Суяк тузилиши ва шаклига кўра узун, яъни найсимон (сон, болдир ва б.), ясси, яъни сербар (тўш ва б.) ва калта (умуртқалар ва б.) булади. Найсимон Суяк ларнинг урта қисми (диафиз) ва икки учи (эпифиз) бор. Диафиз зич моддадан, эпифиз ва ясси ҳамда калта Суяклар танаси ғовак моддадан иборат. Диафиз бўшлиғида ва эпифиз ғовак моддаси оралиғида илик булади. Суяк сирти бириктирувчи тўқимадан ташкил топган суяк усти пардаси — периост, ички илик бўшлиғи томондан худди шунга ўхшаш эндост билан қопланган. Диафиз 4—15 мкм калинликдаги пластинкалардан иборат бўлиб, улар орқали қон томирлари ва нервлар ўтади.

Суяк — кальций ва фосфор депоси ҳисобланади. Паратгормон ва кальциотонин гормонлари кон плазмасида кальций микдорини ва остеокластларнинг сўрилиш фаоллигини бошкариб туради. Суяк тўқимаси жуда фаол регенерация хусусиятига эга бўлиб, организмда тўхтовсиз янгиланиб туради. Шу сабабдан Суякнинг механик хоссалари ҳам организмга тушадиган юкка мос равишда ўзгариб боради. Одам скелети Суяк таркиби умр давомида янгиланиб туради (яна қ. Суяк синиши, Суяк чиқиши, Скелет).

Loading...