
СУЯКЛИ БАЛИҚЛАР
СУЯКЛИ БАЛИҚЛАР (Osteihthyes) умуртқали ҳайвонлар синфи. Қуйи девон давридан маълум. Уз. 0,7—1,1 см дан 5—7 м гача, баъзан ундан кўпроқ; вазни 1,5 т гача. Ички скелети бирмунча суякланган, баъзи турларида тоғайдан иборат. Тангачалари ганоид, космоид ёки суякдан тузилган. Дум бўлакларини тоғай ёки суяк нурлар ушлаб туради. Жабралари тўсиқ билан бўлинмаган, жабра тешиклари жабра қопқоқлари билан ёпилган. Айрим турларининг сузгич пуфаги иккиламчи тарзда йўқолиб кетган. Уруғланиши, одатда, ташқи; айрим турлари тирик туғади. Осморегуляция жабралар ва тери орқали ортиқча сувнинг чиқарилиши орқали амалга ошади. Денгиз С. б. да бу жараён буйрак ва жабралар орқали амалга ошади. Осморегуляция жараёнининг кенг диапозонга эга бўлиши туфайли Суякли балиқлар ҳар хил шўрланган сувларда яшай олади. Ўткинчи балиқлар денгиздан чучук сувга, чучук сувдан денгизга ўтиши мумкин.
Суякли балиқлар паррак сузгичли ва нур сузгичли кенжа синфларга бўлинадиган 33 туркум 420 оила ва 20000 га яқин турни ўз ичига олади. Ўзбекистон сув ҳавзаларида Суякли балиқларнинг 8 туркум, 14 оилага мансуб 48 тури тарқалган. Суякли балиқларнинг 18 тури, жумладан 3 та Ўрта Осиё эндемик тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.