СУЮРҒОЛ

СУЮРҒОЛ (мўғулча — инъом, совға) — бирор ҳукмдор (хон, султон, шоҳ) томонидан салтанат олдида алоҳида хизмат кўрсатган аркони давлат ёки саркардаларга берилган молмулк, ерсув. Мўғуллар истилосидан сўнг Мовароуннаҳр, Дашти Қипчоқ, Яқин Шарқ мамлакатларида расм бўлган. Суюрғолга бериладиган ер наслдан наслга мерос бўлиб ўтган. Суюрғол эгаси давлатга тўланадиган соликлардан озод этилиб, олган даромади ва ўзига қарам аҳолидан ихтиёрича фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган. Амир Темур ва Темурийлар салтанатида Суюрғол кенг қўлланилган. Соҳибқирон забт этган мамлакатларнинг баъзи вилоят ва туманларини шу ерларнинг олдинги эгаларига, ўз ўғиллари, неваралари, қариндошлари, атоқли лашкарбошилар, амир ва бекларга Суюрғол тарзида берган ва улар «дарбаста Суюрғол» деб юритилган. Амир Темур ўзининг энг истеъдодли саркардаларидан бири амир Шоҳмаликка бир қанча ерларни Суюрғол қилиб берган. Шоҳрух даврида Шоҳмалик Хоразм вилоятига дарбаста Суюрғол этиб тайинланган. Шоҳмалик вафотидан кейин Хоразм унинг ўғли Иброҳим Султонга топширилган. 16-а. дан бошлаб Суюрғолнинг аввалги тартибида муайян ўзгариш юз беради. Шайбонийлар ва Аштархонийлар даврида баъзи қишлоқлар, ер майдонлари шу ерлардан ундириладиган соликдарнинг бир қисми ҳам Суюрғол тариқасида бериладиган бўлган. 18-а. ва 19-а. нинг 1-ярмида Суюрғол моҳияти тубдан ўзгариб, унинг фақат меросийлиги сақланиб қолган.

Ад.: Абдураззоқ Самарқандий, Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн, Т., 1969.

Loading...