СЮИТА (франц. suite — қатор, изчиллик) — чолғу мусиқанинг асосий туркумли шаклларидан бири ва мусиқий жанр. Қисмлар тартиби, сони, характерининг маълум қонунқоида билан катъий чегараланмаганлиги, аксарият ҳолларда қўшиқ ва рақс билан узвий боғлиқлиги Сюитани соната ва симфониядан ажратиб туради. Бир неча мустақил (одатда, контраст) қисмлардан ташкил топиб, улар умумий бадиий мақсадда бирлаштирилади. Сюитанинг илк кўринишларида 16-а. га хос секин ва тез суръатли рақслар қиёсланган. 17-а. да И. Я. Фробергер ижодида қадимий рақс Сюитанинг мумтоз намунаси юзага келган. У 4 рақс — ўртача суръатли аллеманда, тез — куранта, секин — сарабанда ва жадал — жигадан ташкил топиб, лютня, клавесин, оркестр ва б. учун мўлжалланган. Классик Сюитанинг юксак намуналарини И. С. Бах ва Г. Ф. Генделлар яратган (18-а.). Драматик спектаклларга ёзилган мусиқий лавҳалардан тузилган Сюиталар (Э. Григнинг «Пер Гюнт», Ж. Бизенинг «Арлезианка»), шунингдек, балет Слари (П. Чайковский, Д. Шостакович, И. Стравинский ва б.), кинофильмга ёзилган мусиқий лавҳалардан танланган Сюиталар (С. Прокофьев, Г. Свиридов) ҳам кенг ўрин олган. «Сюита» атамаси бир қанча рақслардан иборат мусиқали хореографик композицияни ҳам билдиради. 19—20-а. ларда рақсий бўлмаган (Р. Шуман, «Карнавал»; А. Шёнберг, Фортепиано учун Сюита ва б.), баъзан дастурли (Н. РимскийКорсаков, «Шаҳризода»; М. Мусоргский, «Кўргазмадан суратлар»), вокал (Д. Шостакович, «М. Цветаеванинг 6 та шеъри») С. лар яратилди. Ўзбекистон композиторларидан В. Успенский, А. Козловский, М. Бурҳонов, М. Ашрафий, С. Юдаков, Д. Соатқулов, Д. Зокиров, Б. Гиенко, С. Бобоев, Сайфи Жалил кабилар симфоник ва ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри, шунингдек, фортепиано ва б. созлар учун турли Сюиталар яратишган.