ШАФАҚ

ШАФАҚҚуёш ботиши ёки чиқиши олдидан атмосферада пайдо бўладиган рангбаранг нурлар; уларнинг ранги Қуёшнинг горизонтдан узоқяқинлигига боғлиқ. Қуёш горизонтга яқинлашганда ва булут бўлмаганда осмон сариқ ёки қизғиш рангга киради, баъзан қўнғирроқ тус олади. Бу ҳолат Қуёш нурлари атмосферада узун қия йўлни босиб ўтаётганда ҳаворанг ва бинафша нурларнинг тарқаяиши туфайли кучсизланиб содир бўлади, қолган нурлардан ёруғлик олган атмосфера эса сарғиш ва қизғиш рангга киради. Қуёш ботиб, горизонт тагига ўта бошлаши билан қоронғу туша бошлайди. Лекин қоронғу бирданига тушмайди. Ўрта кенгликларда 2—3° тушгандан кейин эса Шафақ нурида пушти доғ пайдо бўлади, бу ранг Қуёш 6° пастга тушгунга қадар тобора равшанлаша бориб, тўқ қизил рангга айланади ва секин-аста сегмент шаклини олади. Бу ранг Қуёшнинг қизғиш нурлари 20 км баландликдаги атмосферанинг чангли қатламига учраганда пайдо бўлади.

Кейинроқ тўқ қизил ёруғлик ўчиб, горизонт устидаги тўқ сариқ ва қизил чизиқлар равшанроқбўла боради. Шафақнинг оқиш ва кўкиш доғлари эса пастга тушади ва хиралашади. Тўқ қизил ёруғлик ўчиши билан тезда қоронғу тушади. Қуёшнинг горизонтдан 6° пастга тушишигача бўлган Шафақ фуқаро Шафақи дейилади. Ернинг сояси ва унинг рангбаранг хошияси ўчади ва қоронғилашиб бораётган осмонда деярли кўринмай қолади. Қуёш 12° ботишига қадар бўлган бу даврга навигация Ш. и дейилади. Шундан сўнг ғарб томондаги рангбаранг чизиқлар яшимтир рангга киради, Қуёш 18° тушгандан кейин эса Шафақ бутунлай йўқолиб, энг хира юлдузлар кўринади ва тун бошланади. Бу даврга эса астрономик Шафақ дейилади. Тонг шафағи ҳам худди шундай, лекин тескари тартибда рўй беради.

Prev Article

ШАТРАНЖ

Next Article

ШАХМАТ