ШАҲАР АҲОЛИСИ — шаҳар ва шаҳарчаларда яшайдиган кишилар. Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси нисбати урбанизация даражасини кўрсатади. Унинг асосий кўрсаткичи мамлакат ёки минтақа аҳолисининг неча фоизи шаҳарларда яшашини ифодалайди. Бироқ аҳоли манзилгоҳларини қишлоқ ёки шаҳарларга ажратиш мезони барча мамлакатларда турлича.
Ер юзи аҳолисининг деярли ярми шаҳарларда истиқомат қилади. Шаҳар аҳолисининг ўсиб боришига — қишлоқларга шаҳар мақомининг берилиши, шаҳарлар ҳудудининг қўшни қишлоқ жойлари ҳисобига ортиб бориши, қишлоқлардан шаҳарларга аҳолининг кўчиб келиши (миграцияси) ҳамда Шаҳар аҳолисининг табиий кўпайиши сабаб бўлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Шаҳар аҳолисининг ўсиш суръати пасайиб кетди. Қишлоқ аҳолисининг шаҳарликларга нисбатан кўпайиши юқорилиги натижасида Шаҳар аҳолиси улуши пасайиб бормоқда. Ўзбекистонда Шаҳар аҳолисининг секин ўсишига ташки миграция, аҳоли табиий ўсишининг пасайиши (асосан, туғилишнинг) сабаб бўлмоқда.