ШАҲАР

ШАҲАР — аҳолиси, асосан, саноат, савдо, шунингдек, хизмат кўрсатиш, бошқарув, фан ва маданият соҳаларида банд бўлган йирик аҳоли манзилгоҳи. Шаҳар — бевосита қишлоқ хўжалиги билан банд бўлмаган аҳоли тўпланган марказ. Шаҳар атрофидаги туманлар учун маъмурий ва маданий марказ бўлибгина қолмай, балки уларнинг жойлашиши ва ўсишига ҳам катта таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир. Аҳоли пунктларига Шаҳар мақоми берилиши учун аҳоли сони, бажарадиган функцияси: саноат ишлаб чиқариш, ташкилий-хўжалик, маданий-сиёсий, маъмурий ва ҳ. к. бош мезон бўлиб ҳисобланади. Аҳоли манзилгоҳларини Шаҳар тоифасига ўтказиш маълум қонуний тартибда амалга оширилади ва чегараси белгиланади. Турли мамлакатларда Шаҳар мақомини олиш мезони турлича, мас, Дания ва Испанияда аҳоли сони 250 киши, Грузия ва Туркманистонда 5 минг, Тожикистон ва Қирғизистонда 10 минг, Россияда 5—12 минг, Японияда 25 минг киши бўлиши керак. Ўзбекистонда 7 мингдан юқори бўлиши талаб этилади. Аҳоли сонига кўра, Шаҳарлар кичик (50 минггача), ўрта (50—100 минг) ва катта (100 мингдан ортиқ) бўлади. Ўзбекистонда 120 шаҳар, 113 та шаҳарча бор. Шундан 17 таси катта шаҳарлар (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Нукус, Қарши, Урганч, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Навоий, Марғилон, Термиз, Жиззах), 16 таси ўрта ва қолганлари кичик шаҳарлар. Шаҳарлар бажарадиган вазифаларига кўра — пойтахт, саноат, транспорт, туризм, рекреация, дин, фан ва илмий текшириш марказларига бўлинади. Шунингдек, республикага бўйсунувчи, мухтор республика, вилоят, туманларга бўйсунувчи Шаҳар ларга ажратилади.

Шаҳар аҳолиси бутун жаҳон аҳолисининг 47,5% дан ортиғини ташкил этади. БМТда қабул қилинган терминологияга мувофиқ, 8 млн. ва ундан ортиқ аҳолиси бўлган Шаҳарлар — мегашаҳар деб юритилади. Бундай Шаҳарлар Ер юзида 1950 йилда 2 та, 1995 йилда 22 та, ҳоз. кунда 25 дан ортиқ. Бир ёки икки Шаҳар атрофида Шаҳар ва шаҳарчаларнинг зич жойлашиши Шаҳарлар агломерацияси дейилади. Энг йирик Шаҳар агломерациялари: Токио, Нью-Йорк, Мумбай, Шанхай, Мехико, Сан-Пауло ва бошқалар Ўзбекистонда Тошкент, Фарғона — Марғилон, Самарқанд, Андижон, Наманган ва бошқалар Шаҳар агломерациялари шаклланмоқда. Бир неча Шаҳар агломерациялари қўшилиб, мегалаполис ёки мегаполисларни ташкил қилади. Ҳоз. Босваш, Токайдо ва бошқалар мегаполислар бор. Баъзан йирик Шаҳарлар ёнида йўлдош шаҳарлар вужудга келади.

Тарихи. Шаҳарлар ибтидоий жамоа давридан синфий жамиятга ўтишда ҳунармандчилик ва савдосотиқ деҳқрнчиликдан ажралиб чиқиш даврида пайдо бўлган. Ҳунарманд ва савдогарлар муқим истиқомат қила бошлаган жойлар гавжумлашиб, Шаҳар ларга айлана бошлаган. Дастлабки Шаҳарлар мил. ав. 5—3 минг йилликларда Шарқда — Месопотамия, Марказий Осиё регионида ҳамда Ҳиндистон, Хитой ва бошқалар мамлакатларда вужудга келган. Бу ерларда мавжуд қулдорлик давлатларининг пойтахт Ш. лари энг тараққий қилган даврда ҳар бирида тахм. 100 мингларча аҳоли яшаган. Юнонистонда давлат тузуми аристократик ёки демократик республика бўлган шаҳардавлатлар (полис) айниқса ривожланган. Шарқ мамлакатларида ҳарбий истеҳкомлар асосида шаҳарлар сони орта борди. 13-асрда мўғул истилочиларининг босқинчилиги натижасида Ўрта Осиё, Закавказье ва бошқалар жойлардаги кўп Шаҳарлар вайрон этилди. Темурийлар даврида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда бир қанча Шаҳарлар, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Ҳирот равнақ топди. Европа мамлакатларида Шаҳарлар Шарқ мамлакатларига нисбатан кечроқ пайдо бўлди. Шаҳар ларда саноат ишлаб чиқариш марказлашиб, Шаҳар аҳолиси жадал ўса бошлади, ривожланган мамлакатларда Шаҳар аҳолиси салмоғи бутун мамлакат аҳолисининг 70—80% ни ташкил этди.

Урушлар, табиий офатлар натижасида жуда кўп Шлар вайрон бўлади. Айни вақтда ер ости фойдали қазилмаларининг очилиши ва уни қайта ишлаш корхоналарининг қурилиши (Ангрен, Олмалиқ, Янгиобод, Зарафшон, Муборак, Навоий), янги ерларнинг ўзлаштирилиши (Янгиер, Гулистон, Косон, Шеробод), йирик сув иншоотлари ва электр стяларнинг қурилиши (Ширин, Катгақўргон, Тахиатош) муносабати билан янги Шлар ташкил топади ва ривожланади (қ. Шаҳарсозлик).

Шаҳарни бошқариш. Ўзбекистон Республикасида Шаҳарни ҳоким бошқаради. Унинг ваколат муддати 5 йил. Тошкент Ш. ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва бу масала тегишли халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланади. Бошқа шаҳар ҳокимлари юқори турувчи ҳоким томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Ҳокимларнинг чиқарган ҳужжатлари шу ҳудудда бажарилиши шарт. Ҳоким фақат ўзининг қарорларигина эмас, ўзи раҳбарлик килаётган органларнинг карорлари ва фаолияти учун ҳам шахсан жавобгардир.

Абдусами Солиев, Эркин Аҳмедов.