
ШАҲРИСАБЗ
ШАҲРИСАБЗ — Қашқадарё вилоятидаги шаҳар. Шаҳрисабз тумани маъмурий маркази (1926 йилдан). Китоб—Шаҳрисабз воҳасида. Катта Ўзбекистон тракти ёқасида жойлашган. Шаҳрисабз жан. дан Танхоздарё, шим. дан Оқсув дарёси оқиб ўтади. Уртача бал. 658 м. Аҳолиси 90 минг киши (2004). Ш. Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлардан бири. Археологик маълумотларга кўра, шаҳарга мил. ав. 1 минг йилликнинг ўрталарида асос солинган. Шаҳрисабз мил. бошларида ва илк ўрта асрларда турли номлар билан аталган (қ. Кеш). 13-асрдан Шаҳрисабз номи ҳам урф бўлган.
Мўғуллар истилоси даврида шаҳар тарихи ёзма манбаларда деярли ёритилмаган. 1351 йилда зарб этилган кумуш тангаларда «Шаҳрисабз» номи учрайди. Шарафуддин Али Яздий (15-аср) шаҳар тўғрисида: «Шаҳрисабз, уни туркийлар Кеш деб атайдилар» деб ёзган. Шаҳрисабз яқинидаги Хожа Илгор қишлоғи (ҳоз. Яккабоғ тумани ҳудуди)да Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган. Шаҳрисабз ўша даврда «Қуббатулилм валадаб» номи билан юритилган. Хусрав Деҳлавий, Бедил, Мирзо Ғолиб каби алломаларнинг отабоболари Шаҳрисабзда туғилган.
Амир Темур ва Темурийлар даврида Шаҳрисабз улкан салтанатнинг йирик шаҳрига, барлос бекларининт ёзги қароргоҳига айлантирилган. Оқсарой ва Дор уссиёдат мажмуаси қурилган. Шаҳар атрофи қалъа девори биланўраболинган. Испания элчиси Клавихо ўз қундалигида Шаҳрисабзда кўплаб маҳобатли бинолар ва масжидлар борлигини ва қурилаётганлигини таъкидлайди. Кейинроқ ҳам кўплаб меъморий обидалар (Дор уттиловат мажмуаси, Кўк гумбаз масжиди ва бошқалар) қурилди. Ҳофизи Абру шаҳарда кўҳна девор (банди қадим) бўлганлиги, бироқ у 15-аср бошларида бузилиб кетганлигини ҳам ёзади. Ўша пайтда Шаҳрисабзнинг 4 дарвозаси: Арк (шим.), Кунчиқар (шарқий), Кушхона (ғарбий), Термиз (жан.) дарвозалари бўлган.
1556 йилда Шаҳрисабзни Абдуллахон II эгаллаган. Кейинчалик Шаҳрисабз Бухоро хонлигининг Қарши вилояти таркибида бўлиб келган. 16-аср ўрталарида ҳам Шаҳрисабз мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган эди.
Маҳмуд ибн Вали (17-аср) ўзининг «Баҳр аласрор» («Сирлар денгизи» — «География») асарида Шаҳрисабзни қуйидагича таърифлаган: «Кеш — Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири, ямяшил боғлари ва кўзга қувонч бахш этувчи гулзорлари туфайли у ҳозир Шаҳрисабз номи билан шуҳрат топган. У жаҳондаги энг чиройли шаҳарлардан бири ҳисобланади; иқлими жуда яхши ва дилтортар…».
Аштархонийлар даврида Шаҳрисабз сиёсий мавқеини анча йўқотгйн. Шаҳрисабзда ҳокимият учун курашда аввал манғитлар, сўнгра қўнғиротлар уруғи ғолиб чиқиб марказий ҳокимият — Бухоро хонлигини тан олмасликка уринишган. 18-аср 1-чорагида Дашти Қипчоқ қозоқлари Зарафшон ва Қашкдцарё воҳаларига талончилик ҳужумлари уюштирганда Шаҳрисабзда бир неча муддат шаҳар ҳаёти издан чиққан. 1750—52 йиллардан Шаҳрисабз Бухоро амирлиги тасарруфига ўтди. 18-аср ўрталарида шаҳар қайтадан қад ростлаган.
Шаҳрисабз ҳокими Бобобек, Китоб беги Жўрабек, амир Музаффарнинг катта ўғли Абдулмалик (Катта тўра) бошчилигида катта қўшин билан 1868 йилда руслар босиб олган Самарқанд шаҳрини қайтариб олиш учун отланишган, аммо чекинишга мажбур бўлганлар. 1870 йил августда Туркистон губернатори К. П. Кауфманнит буйруғи билан генерал Абрамов қўмондонлигидаги махсус қўшин Шаҳрисабз ва Китобни босиб олган. Бироқ рус қўшини қўмондонлиги Шаҳрисабз ва Китобни Бухоро амири тайинлаган бекларга топшириб, Самарқандга қайтишган. Шаҳрисабз 1920 йилгача Бухоро хонлиги таркибида бўлган.
Шаҳрисабз аҳолисининг асосий қисми савдосотиқ ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. 18 — 19-асрларда Шаҳрисабзда 6 дарвоза, 7 карвонсарой ва 6 та мадраса, бир нечта бозор, шаҳар ташқарисида Намозгоҳ масжиди бор эди.
20-аср ўрталарида Шаҳрисабзда «Ҳужум», бадиий буюмлар, тикувчилик, кейинроқ пиллакашлик фкалари ишлай бошлади. 1930—40 йларда Шаҳрисабз даги тарихий ёдгорликларнинг аҳволи ачинарли ҳолда бўлган, улардан омборхона, турар жой ва бошқалар мақсадларда фойдаланилган. Шаҳрисабз ва унинг тарихий маданий мероси атайлаб кенг доирада тарғиб қилинмаган.
Мустақиллик йилларида Шаҳрисабз қиёфаси тубдан ўзгарди. Шаҳар маркази қайта қурилди. 1996 йилда шаҳар майд. 2460 гектарга кенгайган.
Шаҳрисабз даги энг катта майдон — Амир Темур майдони. Шаҳар марказидан энг катта Ипак йўли кўчаси ўтади. 11 та йирик саноат корхонаси (шу жумладан, «Ҳужум» бадиий буюмлар ф-каси, «Садо» трикотаж ф-каси, «Консерва» ва «Шароб» акциядорлик жамиятлари, тўқимачилик, пиллачилик фкалари ва бошқалар), 8 қўшма корхона (шу жумладан, Ўзбекистон—Буюк Британия «Мевалар камалаги»; Ўзбекистон—АҚШ «Шаҳинтернешнл»; Ўзбекистон—Россия «Компасқоқсув»; Ўзбекистон—Туркия «Шаҳри Кеш»; Ўзбекистон—Туркия — Япония «Оқсарой тўқимачи ЛТД» ва бошқалар), кичик, ўрта бизнес субъектлари фаолият кўрсатади. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Бухоро озиқовқат ва енгил саноат технологияси интининг умумтехника фти, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ишлаб турибди. 10 та жамоат кутубхонаси, маданият уйи, маданият ва истироҳат боғи, театр, тарих ва моддий маданият музейи, 3 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 2 та болалар спорт мактаби бор. 3 та теннис корти, 3 та сузиш ҳавзаси, стадион, 18 та спорт зали мавжуд. Марказий касалхона (1050 ўрин), янги жарроҳлик маркази аҳолига хизмат кўрсатади. Т. й. вокзали, автовокзал, аэропорт ишлаб турибди. «Кешг ва «Шаҳрисабз» меҳмонхоналари бор. Шаҳрисабзда Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали (ҳайкалтарошлар: Илҳом ва Камол Жабборовлар, меъмор Ботир Усмонов) ўрнатилган (1996).
Шаҳрисабз заминида бир қанча олим ва уламолар, шоирлар вояга етган, жумладан, Абу Муҳаммад Кеший (964 йилв. э.), Абу Жаъфар Кеший (951 йилв. э.), Абул Фазоил Кеший (12-аср), Шамсуддин Кулол (Амир Темурнинг пири) ва бошқалар Шаҳрисабзда 20 га яқин тарихий меъморий ёдгорлик сақланиб қолган. Темурийлар даврида қурилган Оқсарой қасрининг пештоқ девори, Дор усСиёдат ва Дор утТиловат мажмуалари, Кўк Гумбаз масжиди, Гумбази Сайидон, Шамсуддин Кулол мақбараси, Жаҳонгир мақбараси, Ҳазрати Имом масжиди, шунингдек, Чорсу бозори (16-аср), Чубин мадрасаси (16-аср), Абдушукур Оғалиқ (19-аср), Эшонпир (19-аср), Кундузак масжидлари каби меъморий обидалар сақланиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 29 мартда Шаҳрисабзнинг 2700 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу юбилей бутун мамлакатимизда ва Шаҳрисабзда кенг нишонланди. Бу тантаналарда ЮНЕСКО вакиллари ҳам қатнашди. Ш. Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган (2002 йил дек.). Шаҳарда кўплаб анжуманлар ва конференциялар ўтказилади.
Шаҳрисабз аҳлининг Темурийлар даври улкан маданий ва маънавий мероси, ноёб тарихий ёдгорликларини асрабавайлаш, ёш авлодни буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари қилиб тарбиялаш ва уларни озод мамлакатимиз буюк истиқболини яратишга қодир кишилар қилиб вояга етказиш ишига қўшган алоҳида хизматлари эътиборга олиниб ҳамда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати Шаҳрисабз «Амир Темур ордени» билан мукофотланди (1996 йил октябр).
Ад.: Шаҳрисабз — минг йиллар мероси, Т., 2002; Шаҳрисабз шаҳрининг жаҳон тарихида тутган ўрни, Т., 2002; Қадимий Кеш — Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар, Т., 1998; Яқубов Б., Шаҳрисабз ва Китоб тарихидан, Қарши, 1996; Носир Муҳаммад, Насаф ва Кеш алломалари, Т., 2001.
Қаҳрамон Ражабов.