ШАҲРИХОН

ШАҲРИХОНАндижон вилояти Шаҳрихон туманидаги шаҳар, туман маркази, вилоятнинг жан. ғарбида, Шаҳрихонсой соҳилида жойлашган. Шарқ ва жан. дан Катта Фаргона канали оқиб ўтади. Андижон шаҳридан 25 км. Т. й. станцияси. Аҳолиси 61,3 минг киши (2004).

Шаҳрихон 1809—21 йилларда Қўқон хони Амир Умархон фармони билан қурилган (номи шундан). Ўша даврда хон фармони билан Шаҳрихон бозорига келиб савдо қилувчилардан йиғим пули олинмаган. Натижада шаҳарга келувчи карвонлар сони кўпайган. 19-аср охирида шаҳарда бир қанча корхона, шу жумладан, пахта тозалаш з-ди ишлаб турган, 27 та гузар, Ўрда масжиди ва миноралар бўлган.

Шаҳрихон ҳунармандчилик буюмлари билан машҳур. Айниқса, пичоқчилик, бешикчилик, косибчилик, дўппидўзлик, мисгарлик ҳунарлари санъат даражасига етган. 1916 йилда рус подшосининг маҳаллий аҳолини мардикорликка сафарбар этилишига қарши халқ ғалаёни бўлиб ўтган. 1928 йилда шаҳарга Асакадан 15 км узунликдаги т. й. ўтказилган.

Шаҳрихонда тикувчилик, трикотаж, пахта тозалаш, тўқимачилик корхоналари, қурилиш ташкилотлари, автокорхона ишлаб турибди. Шунингдек, Ўзбекистон—Хитой «РивожТянжинь», Ўзбекистон—Ҳиндистон Р«ивожНоринд», Ўзбекистон—Германия «Интертекс», Ўзбекистон—Россия «Антекс» қўшма корхоналари фаолият кўрсатади. 10 умумий таълим мактаби, 2 касб-ҳунар коллежи, лицей, 2 мусиқа мактаби, 1 спорт мактаби, музей, маданият саройи, марказий кутубхона ва унинг тармоклари ишлаб турибди. 2 касалхона, 3 поликлиника, тез тиббий ёрдам маркази, санаторий аҳолига хизмат кўрсатади. Шаҳар ёнидан Тошкент—Ўш автомобиль йўли ўтган.