ШАЖАРА

ШАЖАРА (араб. — дарахт) , генеалогия — кишиларнинг келиб чиқиши, аждодлари ва қонқариндошлик алоқалари мажмуи. Уни тарих фанининг бир тармоғи — генеалогия фани ўрганади. Подшолар, хукмдорлар, афсонавий қаҳрамонлар наслнасабига қизиқиш қадим замонларданоқ бўлган, лекин ўрта асрларда Шажара имтиёзли табақаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг авлодаждодларини расмийлаштиришга қизиқишнинг кучайиши билан алоҳида аҳамият касб этган. Бу, ўз навбатида, 15-а. дан бошлаб Шажара ўртасидаги никоҳ алоқалари ҳақида гувоҳлик берувчиларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Шу даврларда уруғ ёки бирбирига яқин бир неча уруғ аъзоларининг наслнасабига оид бир неча дафтарлар тузила бошлаган. Урта Осиёда Шажарага оид дастлабки йирик асарлар 15—17-а. ларда пайдо бўлган. Айниқса, Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажарайи турк» ва «Шажарайи тарокима» асарлари 13—17-а. лардаги мўғул ва турк уруғлари, ҳукмдорлари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ўрта Осиёда насаб дафтарига хўжалар, саидлар ва б. эга бўлиб, бу ҳужжатлар уларнинг пайғамбар, саҳобалар, тархон, беклар наслидан келиб чиққанлигини кўрсатувчи далил сифатида, шунингдек, солиқ тўлаш, халқ ҳашарларига чиқиш ва б. ишларда алоҳида имтиёзга, умуман жамият ҳаётида юқори мавқега эга булиши учун хизмат қилган. Шажара ҳужжатлари дастлаб шахенинг сиёсий мавқеига кўра, гувоҳлар иштирокида ҳукмдорлар ҳузурида тузилган ва унинг мухри билан тасдиқланган. Кейинчалик ҳукмдорлар аввалги муҳрларни кўриб тасдиқлаб бераверишган.

Loading...