«ШАЖАРАЙИ ТУРК», «Шажараи турк ва мўғул» («Туркий халклар ва мўғуллар шажараси») — тарихий асар, муаллифи Абулғозий Баҳодирхон. Эски ўзбек тилида ёзилган. «Шажарайи турк» 13 — 17-а. лардаги мўғул ва турк ҳукмдорлари ҳақидаги маълумотларни, хусусан, Марказий Осиё хонликлари, жумладан, Хива хонлигининг муаллиф яшаган давргача бўлган тарихини ўз ичига олган. «Шажарайи турк» Абулғозий Баҳрдирхоннинг ўлими туфайли ниҳоясига етказилмай қолган бўлсада, унинг ўғли Ануша Муҳаммадхон (1663— 87) топшириғига мувофиқ, урганчлик тарихчи Махмуд ибн Мулла Муҳаммад Замон Урганжий томонидан баъзи маълумотлар билан тўлдирилган. «Шажарайи турк»нинг ёзилиш сабаби муаллиф томонидан қуйидагича изоҳланган: «Аммо бизнинг отаақаларимизнинг бепарволиқи ва Хоразм халқининг бевуқуфлиқи, бу икки сабабдин, бизнинг жамоатимизнинг Абдуллахоннинг (Абдуллахон II) оталари бирлан бизнинг оталаримизнинг айрилган еридин то бизга келгунча тарихларини битмай эрдилар. Бу тарихни бир кишига таклиф қилали теб фикр қилдук, ҳеч муносиб киши топмадук, зарур бўлди (ва) ул сабабдин ўзимиз айтдук». Асар мўъжаз муқаддима ва 9 бобдан ташкил топган.
«Шажарайи турк»нинг 7, 8 ва 9боблари (1644 й. гача кечган воқеалар) Абулғозихон томонидан ёзилган. 1, 6боблар ва 9бобнинг давоми (1644—64) Маҳмуд ибн Мулла Муҳаммад Замон Урганжий тарафидан битилган. «Шажарайи турк»да кўплаб этнографик ҳамда Хоразмнинг ижтимоийиқтисодий аҳволига дойр маълумотлар бор. Асарнинг бизгача еттидан ортиқ қўлёзма нусхаси етиб келган, улар Тошкент, Ашхобод, СанктПетербургдаги фондларда сақланмоқда.
«Шажарайи турк» омма тушунадиган тилда ва оммабоп усулда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Ҳодисалар баёнидаги ихчамлик, ифоданинг изчиллиги, воқеаларни латифа ва ривоят услубида содда, равон тасвирлаш асарнинг муҳим томони ҳисобланади. Манба грамматик қурилиши, луғат таркиби нуқтаи назаридан халқ сўзлашув тилига яқин туради. Абулғозихон «Шажарайи турк»ни ёзишда илгари битилган бир нечта тарихий асарлар, хусусан, Рашидуддиннинг «Жомеъ уттаворих», Шарафуддин Али Яздийнинг «Муқаддимайи Зафарнома»сидан керакли ўринларда унумли фойдаланган. Мазкур асар рус, француз ва немис тилларида нашр этилган.
Ад.: Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Иванов С. Н., «Родословное древо тюрок» АбулГазихана. Грамматический очерк, Т., 1969.
Ҳамидулла Дадабоев.