ШАКЛ ЯСАЛИШИ

ШАКЛ ЯСАЛИШИ — сўзнинг у ёки бу грамматик маъно ифодаловчи шаклининг ҳосил қилиниши; шундай шаклнинг ҳосил бўлиши (қиёсланг: Сўз ясалиши). Мас, ўзбек тилида Шакл ясалишининг қуйидаги усуллари бор: аналитик усул, синтетик усул. Ш. я. нинг аналитик усули ёрдамчи сўзлар воситасида амалга ошади. Чунончи, ўқиб кўрмоқ, ғовлаб кетмоқ, кун сайин сўз шакллари кўр, кет, сайин ёрдамчилари воситасида ясалмоқда. Шакл ясалишининг синтетик усули махсус шакл ясовчи аффикслар воситасида амалга ошади.

Шакл ясовчи аффикслар сўзнинг грамматик маъно ифодаловчи шаклини ёки бирор грамматик вазифага хосланган шаклини ясайди. Бундай аффикслар асосий хусусиятларига кўра 2 га бўлинади: 1) категориал шакл ясовчи аффикслар — маълум сўз туркумидаги бирор грамматик категорияга хос шакл ясайди. Мас, отлардаги кўплик, эгалик, келишик шаклини ясовчи, феълнинг майл, замон, шахссон, нисбат шаклини ясовчи, сифат ва равишлардаги даража шаклини ясовчи аффикслар категориал шакл ясовчи аффикслардир;

2) нокатегориал (функционал) шакл ясовчи аффикслар — грамматик категорияга оид бўлмаган маънони ифодаловчи, маълум синтактик вазифага хосланган сўз шаклини ҳосил килади. Мас, отлар ва олмошларга қўшилиб, хослик ифодаловчи ники аффикси, отлардаги эркалаш ва кичрайтириш, ҳурмат ва ўхшатиш шаклларини ҳосил қилувчи ча, чак, чоқ, лоқ, хон, гина ва б. аффикслар, феълнинг сифатдош, равишдош, ҳаракат номи шаклларини ясовчи аффикслар (ган, гач, гунча ва б.) ана шу турдаги аффикслардир. Ўтган асрнинг 80й. ларигача бўлган ўзбекча лингвистик адабиётларда сўз ясовчилардан бошқа аффикслар шакл ясовчи ва сўз ўзгартирувчи аффикслар тарзида 2 га ажратилган.

Шакл ясалиши ва шакл ясовчи аффикслар морфологияда ўрганилади.

Ад.: Ўзбек тили грамматикаси, 1ж., Морфология, Т., 1975; Ҳозирги ўзбек адабий тили, 1кисм, Т., 1980.

Азим Ҳожиев.

Loading...