
ШАЛЯПИН Фёдор Иванович
ШАЛЯПИН Фёдор Иванович [1873.1(13)2, Қозон — 1938.12.4, Париж; 1987 й. да Москвада қайта дафн этилган] — рус хонандаси (юқори бас). 20-а. вокал санъатининг йирик намояндаси. Россия халқ артиста (1918). 1895 й. дан Петербург ва Москва опера театрларида яккахон хонанда. 1901 й. дан чет эл гастроллари («77а скала», «Метрополитенопера» театрлари ва б.)да бўлиб, бутун Европа мамлакатлари ва АҚШда шуҳрат қозонган. 1922 й. дан чет элда яшаган. Чиройли, кенг, ниҳоятда ўзгарувчан ва бўёқларга бой овоз соҳиби бўлган Шаляпиннинг ижро услуби ажойиб актёрлик маҳорати, ҳар бир сўз маъносига алоҳида аҳамият бериши, энг нозик туйғуларни бадиий теранлик билан ифодалаш каби хусусиятлар билан ажралиб туради. Кенг кўламли саҳнавий истеъдодга эга бўлган Шаляпин рус ва Ғарбий Европа операларида 70 га яқин асосий партияларни ҳаққоний, чуқур психологик тарзда талқин этган: Борис Годунов (Мусоргский, «Борис Годунов»), Тегирмончи (Даргомижский, «Сув парией»), Иван Грозний (РимскийКорсаков, «Псковлик қиз»), Галицкий, Кончак (Бородин, «Князь Игорь»), Мефистофель (Гуно, «Фауст»; Бойто, «Мефистофель»), Дон Базилио (Россини, «Севилья сартароши») ва б. Ш. талқинида камер мусиқа асарлари (Мусоргский, Глинка, Даргомижский, Шуман, Шуберт ва б.) ҳамда рус халқ қўшиклари ўзининг етук ифодасини топган. Шаляпин опера режиссёри, истеъдодли рассом ва ҳайкалтарош сифатида ҳам танилган.