ШАМОЛ ДВИГАТЕЛИ — шамол оқимининг кинетик энергиясини механик энергияга айлантирадиган қурилма. Асосий қисмлари: ротор, парракли барабан, шамол ғилдираги ва б. Карусель (роторли), қанотли ва барабанли хилларга бўлинади. Карусель Шамол двигатели иш органининг айланиш ўқи вертикал жойлашган бўлади. Ўқнинг бир томонига жойлашган парракларга шамол таъсир қилади, парракнинг айланма тезлиги шамол тезлигидан ошмагани учун атиги 15 фоизи механик энергияга айланади. Шунинг учун камроқ ишлатилади. Қанотли Шамол двигателида ўқ шамол йўналишига нисбатан горизонтал ва параллел жойлашади. Бундай Шамол двигатели кенг тарқалган, унда шамол энергиясининг 48 фоизи механик энергияга айланади. Барабанли Шамол двигателида барабан вали шамол оқимига нисбатан горизонтал ва перпендикуляр жойлашган бўлади. Шамол двигатели қуввати шамол ғилдирагининг диаметрига, шамолнинг тезлигига боғлиқ. Шамол двигатели, асосан, шамол энергетикасида ишлатилади.