ШАМС ҚАЙС РОЗИЙ

ШАМС ҚАЙС РОЗИЙ (тўлиқ исми — Шамсуддин Муҳаммад ибн Қайс Розий) (12-а. нинг охири, Рай — 13-а. нинг 1ярми) — форс адабиётшуноси. 1205 й. да Бухорога келган. 1207 й. Малик Санжар исёнини бостириш мақсадида Бухорони истило қилган Муҳаммад Хоразмшоҳ олимни ўз саройига даъват этган ва у 1219 й. гача Хоразмда яшаган. Мўғуллар ҳужуми туфайли Хоразмни ташлаб, Муҳаммад Хоразмшоҳ билан бирга Ироққа ҳижрат қилган. 1219—26 й. лар дарбадарликда ҳаёт кечирган. Райда 2 марта асирга тушган. 1226 й. Форс отабеги Саъд ибн Занги хизматига кирган. Донишманд ва тажрибали Шамс Қайс Розий тез орада обрўэътибор қозониб, шоҳнинг хос надимлари қаторидан ўрин олган.

«Алмўъжам фи маъойири ашъориилажам» («Ажам шеър ўлчовлари луғати») китоби машҳур. «Тибъён уллуғат аттурки ало лисон улқанғали» («Туркий тилнинг қанғали тилидаги муфассал баёни»), «Алуюб фи муқаффи ашъор улараб» («Араб қофиясининг айблари»), «Китоб ул кофи филарузайн валқавофи» («Аруз ва қофия хусусида батафсил маълумот») каби рисолалар ҳам ёзган бўлиб, улар бизгача етиб келмаган.

«Алмўъжам» дебоча, 2 қисм ва хотимадан иборат. Дебочада ўз таржимаи ҳоли — туғилган жойи, ёшлик йиллари, турли мамлакатларга саёҳатлари, мўғулларнинг Кичик Осиёга ҳужуми ва уларнинг даҳшатли оқибатлари, сарсонсаргардонликлари, Райда 2 марта асир тушгани, асарнинг ёзилиши сабаби ва тақдири хусусида фикр юритади. Китобнинг 1қисми арузга бағишланган бўлиб, 4 бобни ўз ичига олади. Бу боб аруз ҳақида маълумот, рукнлар ва уларнинг номланиши; жузвлар ва рукнлар асосида вужудга келган вазнлар; аруздаги ўзгартиришлар — зиҳофлар; эски ва янги баҳрлар таҳлилига бағишланган. 2қисм қофия ва бадиий санъатлардан иборат бўлиб, у шеър ва қофия табиати; қофия унсурлари ва уларнинг номланиши; қофия унсурларининг қўлланиши ва номланиши; қофиянинг қўлланиши доиралари ва қофия турларининг таснифи; қофия қусурлари; бадиий санъатлар ҳақида. Хотима қисмида шеър ва шоирлик хусусидаги муҳим кузатишлар баён этилган. «Алмўъжам» адабиётшунослик ҳақидаги қад. ва мукаммал асар бўлиб, шеър назарияси ва шоирлик шартлари, шоир ва мунаққид муносабати хусусидаги муҳим манба ҳисобланади.