ШАМСУЛМУЛК, Малик Шамсулмулк (Наср) ибн Иброҳим Тамғачхон (11-а. нинг 1чораги — 1080, Бухоро) — Қорахонийлар ҳукмдори (1068—80). Ғарбий қорахонийлар хоқонлиги асосчиси Иброҳим ибн Насрнинг ўғли. Салжукийлар султони Ann Лрслоннинг бевақт ўлимидан кейин Шамсулмулк Термиз ва Балхни қисқа муддат ишғол қилиб турган. Бироқ тез орада Алп Арслоннинг вориси Маликшоҳ бу шаҳарларни ўз давлатига қайта қўшиб олган. Бошқа тарафдан Қодир Юсуф Тамғачхон ва унинг ўғиллари Шамсулмулкка қарши кураш олиб бориб, ундан Сирдарёнинг шимоли ва Фарғона водийсини тортиб олганлар. Ш. Мовароуннаҳр, хусусан, Бухорода катта қурилишлар олиб борган. «Бухоро тарихи» асарида келтирилишича, Бухоро ш. ва унинг атрофларида қурилган кўплаб меъморий обидалар Шамсулмулк номи билан боғлиқдир. У Бухородаги Жоме масжидини таъмирлаб, қайта қурган (1069). Кармана яқинидаги Чўли Маликда ҳашаматли карвонсарой ва работ (қ. Работы Малик) ва Ҳазора қишлоғида Деггароний масжидини ҳам Шамсулмулк қурдирган.
Манба: Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966.