ШАРҒ

ШАРҒБухоро воҳасидаги тарихий қишлоқлардан бири. Зарафшон дарёсидан чиқарилган Руди Сомжан (Сомжан анҳори; Ҳаромком дарёси) бўйида — Искажкат қишлоғи рўпарасида жойлашган. Бу икки қишлоқ ўртасидан оқиб ўтувчи дарё устида катта кўприк бўлган.

Наршахийнинг ёзишича, бу қишлоқда қадимий вақтларда ҳар йили қишнинг ўртасида 10 кунлик бозор бўлиб, кишилар унга узоқ вилоятлардан келиб савдо қилишган. Бу жойнинг ўзидан шинни билан тайёрланган мағизли ҳолва, тузланган балиқ ва янги балиқ, ёғоч, қўй ва қоракўл териларидан тикилган пўстинлар сотувга чиқарилган, илк ўрта асрларда бу ерда тайёрланган мис ва бўз узоқларга олиб кетилган. Исмоил Сомоний бу қишлоқни барча ерсувлари ва дарахтлари билан сотиб олиб, Бухоро шаҳридаги Самарқанд дарвозасида бино этган работга вақф мулки қилиб берган. Қорахонийлардан Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон 12-аср бошларида Шарғда катта Жомеъ масжиди ва Искажкат қишлоғида работ қурдирган. Бу қишлоқда катта бир кўҳандиз (қалъа) ҳам бўлган.

Самъонийнинг ёзишича, Шарғ қишлоғи Бухородан 4 фарсах узоқликда бўлиб, бу ердан ўрта асрларда кўплаб ислом уламолари ва мударрислар, жумладан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ашШарғий, Абу Ҳаким Шаддод ибн Саид аш-Шарғий, Абу Солиҳ Шуайб ибн Лайс аш-Шарғий ал-Коғазий (? — 886), Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан аш-Шарғий (? — 936), Абу Усмон Саид ибн Сулаймон ибн Довуд аш-Шарғий (? — 913) етишиб чиққан.

Манбалар: Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1996; Абдулкарим ас-Самъоний, Насабнома (Ал-Ансоб), Бухоро, 2003.

Loading...