ШАРҲ (араб. — изоҳлаш, тушунтириш) — 1) Китоб шарҳи — китобнинг матнига изоҳ бериш, унга илмий изоҳ, маълумот берувчи қисми. Асарларда, таржима ва ҳужжатли нашрларда матннинг мазмунмоҳиятини тушунтириб беришда қўлланади. Шарҳ муаллиф, ношир, мутахассис, таржимон томонидан тайёрланиб, маълум бир асар ёки матннинг тарихи, унинг бошқа воқеа-ҳодисаларга, фанларга, шахсларга, замон ва маконга боғлиқлиги хусусидаги маълумотлардан иборат бўлади. Шарҳда муаллиф ишора этган баъзи воқеа ва фактлар, у ёки бу сабаб билан ошкора ёзилмаган ёки ёзилиши лозим топилмаган нарсалар талқин қилинади, баъзи сўз, сўз бирикмаси ва ибораларнинг моҳияти очиб берилади. Шарҳ қисқа ва фойдаланишга қулай бўлиб, одатда, матндан кейин алоҳида мақола ёки маълумот тариқасида жойлаштирилади. Мумтоз асарларга Шарҳ алоҳида китоб шаклида берилиши ҳам мумкин; 2) журналистика жанрларидан бири. Оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да ижтимоийсиёсий, маданий-маърифий воқеа-ҳодисаларнинг, ҳужжат ва бошқа ш. нинг моҳияти ҳамда аҳамиятини оммага тезкорлик билан тушунтириб, баён қилиб беришга мўлжалланган материал тури. Шарҳда фактларни таҳлил қилиш, таққослаш, фикрни далиллашнинг турли воситаларидан фойдаланиш, умумлаштириш, хулоса ясаш каби усуллардан кенг фойдаланиш мумкин. Берилиш тартиби ва баён қилиш услубига кўра, Шарҳ радио, телевидение, матбуот ва интернет сайтлари учун алоҳида мўлжалланган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда жанр имкониятларидан ва ОАВ туридан фойдаланиб, Шарҳнинг таъсирчанлиги, аҳамиятини ошириш мумкин бўлади. Норали Очилов.