ШАРИПОВ

ШАРИПОВ Йўлдош (1913, Қўнғирот ш. — 1973.23.7, Нукус) — қорақалпоқ актёри, реж., театр арбоби. Қорақалпоғистон (1949) ва Ўзбекистон (1957) халқ артисти. Қорақалпоғистон миллий театрининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Москва театр санъати кршида очилган Қорақалпоқ студиясида ўқиган (1935—39). Ўз фаолиятини 1932 й. Қорақалпоқ давлат драма театрида бошлаган ва «Аршин мол олон» (У. Ҳожибеков), «Бюрократлар» (Ж. Оймурзаев), «Боғдагул» (С. Мажитов), «Қора юраклар» (Р. Мажитов) спектаклларини саҳналаштирган. 1939—50 ва яна 1956 й. дан Қорақалпоқ давлат драма театрида актёр ва реж. (1961—63 й. лар бош реж.), 1951—56 й. лар Қорақалпоғистон маданият ишлари вазирлиги қошидаги санъат бошқармаси бошлиғи. Шарипов ижоди халқ юморига бойлиги, ўзига хос миллийлиги билан ажралиб туради. Жеронт (Мольер, «Скапеннинг найранглари»), Гордей Торцов (Н. Островский, «Камбағаллик айб эмас»), Бойсари (Н. Довқораев, «Алпомиш»), Макферсон (К. Симонов, «Рус масаласи»), Палимбет, Полвон ота (Ж. Оймурзаев, «ОйгулАбат», «Амударё соҳилида») ва б. роллари билан шуҳрат қозонган. «Гулсара» (К. Яшин), «Ўзингдан чиққан балога…», «Амударё соҳилида», «Бердақ» (Ж. Оймурзаев), «Камбағаллик айб эмас» (Н. Островский), «Тозагул» (Р. Мажитов), «Тобутдан товуш» (А. Қаҳҳор) каби спектаклларни саҳналаштирган.

Loading...