ШАРҚ ЮЛДУЗИ

«ШАРҚ ЮЛДУЗИ» — адабий-бадиий ва ижтимоий журнал. Муассиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси. Тошкентда 1 йилда 4 марта нашр этилади. Дастлаб «Ўзбекистон шўро адабиёти» (1932 йил июнь—июлда), «Совет адабиёти» (1935 йил, янв.), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» (1935, июль) номларида чоп этилган. 2-жаҳон уруши йилларида вақтинча тўхтатилган. 1946 йилдан ҳоз. номда. Саҳифаларида Ўзбекистон ва чет эл ёзувчиларининг бадиий асарлари нашр этилади. Адабиёт ва санъатнинг муҳим соҳаларига бағишланган адабийтанқидий, публицистик мақолалар ҳам эълон қилинади.

Ўзбек ёзувчиларидан Ғ. Ғуломнинг «Шум бола» қиссаси, Ойбекнинг «Навоий» романи, А. Қаҳҳор, М. Шайхзода, С. Абдулла, Миртемир, Зулфия ва бошқаларнинг асарлари дастлаб «Шарқ Юлдузи»да чоп этилган. Жур. га турли йилларда Ойбек, В. Зоҳидов, Уйғун, А. Мухтор, Ҳ. Ғулом, Мирмуҳсин, Ў. Ҳошимов, О. Мухтор муҳаррирлик қилган; 2005 йилдан муҳаррири Минҳожиддин Мирзо. Адади 1500 нусха (2005).