ШАРҚИЙ АФРИКА — Африканинг шарқий қисмидаги экваториал ва субэкваториал кенгликлардаги ерларни ўз ичига олган табиий ўлка, шим. да Эфиопия ясситоғлиги, ғарбда Конго ботиғи, жан. да Замбези дарёсининг қуйи оқими ва шарқда Ҳинд океани билан чегараланган. Шарқий Африка ҳудудининг аксари қисмини Шарқий Африка ясситоғлиги (бал. 1000 м дан зиёд) эгаллайди. Ясситоғлик тектоник ёриклар билан парчаланган. Рельефида палахсали тоғлар, лавали плато ва вулкан конуслари (Африканинг энг баланд жойи — Килиманжаро сўнган вулкани, 5895 м), туб террасалар, узилмали ботиқлар ва жарликлар навбатланиб жойлашган. Денгизбўйи қисми камбар пасттекисликдан иборат. Иқлими экваториал муссонли, иссиқ, мавсумий нам иқлим. Йиллик ёғин 500 дан 3000 мм гача. Шарқий Африка ясситоғлиги Нил, Конго, Замбези ва Ҳинд океанига қуйиладиган кичикроқ дарёлар ҳавзалари ўртасидаги сувайирғич вазифасини бажаради. Кўл кўп (Виктория, Танганьика, Ньяса ва бошқалар). Ўсимликлари турли типдаги саванналар ва сийрак ўрмонлардан иборат, тоғларда ўсимликдар баландлик минтақалари бўйлаб тарқалган. Ҳайвонот дунёси (айниқса, йирик сут эмизувчилар)га бой. Ҳайвонлари Эфиопия зоогеографик областининг Шарқий Африка областчасига мансуб. Шарқий Африкада Кения, Уганда, Руанда, Бурунди, Танзания, Замбия, Малави, Сомали, Эфиопия ва Жибути давлатлари жойлашган.